Дунё янгиликлари

Ўзбекистоннинг бой мероси Саудия Арабистони ОАВлари нигоҳида

Саудия Арабистонининг «Swift News» веб-сайтида «Ўзбекистон шаҳарлари тарихи.. Ислом цивилизацияси гувоҳи» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистон улкан сайёҳлик салоҳияти, қадимий тарихий обидалари, гўзал табиати ва ажойиб маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейилади мақолада. – Бу эса Ўзбекистонни бутун дунёдан келган сайёҳлар учун ўзига хос ва машҳур сайёҳлик масканига айлантирди».

Нашрда Ўзбекистондаги туризм ҳар бир сайёҳни Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Хоразм каби буюк аллома ва мутафаккирлар билан боғланган ва машҳур бўлган тарихий маконларга олиб бориши маълум қилинган. «Ушбу шаҳарларда Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Беруний ва бошқа кўзга кўринган алломалар вояга етган. Бу шаҳарлар илм-фан ва маданият маёқларини ташкил қилган. Шунингдек, мазкур шаҳарлар ўзининг илмий марказлари ва мактаблари билан машҳур бўлиб, уларда меъморчилик, амалий санъат ва ҳунармандчилик ривожланган, жаҳон цивилизацияси тамаддунига улкан ҳисса қўшган», – қайд этади муаллиф.

Мақолада таъкидланганидек, Самарқанд ўзининг муҳташам мақбаралари билан тарих нафасини ҳис қиладиган шаҳардир. «Ушбу қадим кентда қадимий обидалар, мадраса ва миноралар жуда кўп. Регистон - афсонавий Самарқанд майдони Марказий Осиёдаги асосий меъморий мажмуалардан биридир», - дейилади нашрда.

Swift News»да Бухоро шаҳри тарихи ҳақидаги муҳим маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. «Бухорода 140 дан ортиқ қадимий меъморчилик ёдгорликлари мавжуд. Минора Калон шаҳарнинг рамзи бўлиб, у 1127 йилда қурилган, – дея таъкидланади манбада. – Ушбу минорани, «Арк» қалъаси ва бошқа кўплаб ёдгорликларни кўрган ҳар бир сайёҳ хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади».

Мақолада Хоразм Буюк ипак йўли давридаги шаҳар бўлиб, у очиқ музей сифатида кенг шуҳрат қозонгани қайд этилган. Хивадаги «Ичан-қалъа мажмуаси»нинг аксарият меъморий ёдгорликлари XVIII аср охири ва ХIХ асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. «Аммо, ушбу тарихий мажмуа ҳудудида олиб борилган қазишмаларда қадимги қатламлар аниқланган. Улар эрамиздан аввалги асрларга тўғри келади. «Ичан-қалъа» 2100 метр узунликдаги қалин девор билан ўралган бўлиб, унинг бир нечта дарвозалари бор. Ҳозирги Ўзбекистон заминидаги қадимий обидалар эса «Жаҳон цивилизацияси қадриятлари» рўйхатига киритилган»,- деб қайд этади электрон нашр.

Саудия ОАВда эълон қилинган мазкур мақолада, шунингдек, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилган.

«Тошкент «Шарқ юлдузи» ва «Тинчлик элчиси» номи билан ҳам машҳурдир. Бу номлар шаҳарнинг моҳиятини ҳайратланарли тарзда акс эттиради. Марказий Осиёнинг ҳеч бир шаҳри Ўзбекистон пойтахти каби олимлар томонидан чуқур ўрганилмаган. Бундан атиги ўн йил муқаддам ушбу шаҳар ҳудудида 39 та археологик ёдгорлик маълум бўлган бўлса, бугунги кунда 240 дан ортиқ ёдгорликлар топилди», – деб ёзади «Swift News».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 702 times

Янгиликлар

Top