Дунё янгиликлари

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг Индонезияда намойиши...

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган «Halal Fair Jakarta» туризм ярмаркасида намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, тадбирда бутун мусулмон дунёси мамлакатларидан йирик компания вакиллари иштирок этаяпти.
Халқаро ярмарка кунларида делегациямиз аъзолари томонидан кўплаб янги ва қизиқарли туристик маҳсулотлар тақдимоти намойиш этилди. Асосий эътибор нафақат анъанавий туризм йўналишлари, балки мамлакатнинг гастрономик ва зиёрат туризми салоҳиятининг тарғиботига ҳам қаратилмоқда. Шунингдек, стендимизга ташриф буюрувчилар севимли миллий таомимиз – паловнинг тайёрланиши ва дастурхонга тортилишини ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўлаяптилар.

Ярмарка давомида, шунингдек, тадбирга ташриф буюрган Индонезияниг туризм ва креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Салаҳуддин Уно билан ҳам учрашув ташкил этилиб, унда икки давлат ўртасидаги туризмни ривожлантириш бўйича музокоралар олиб борилди.

«Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Сабаби мамлакатингиз Ислом тараққиёти йўлида беқиёс хизмат кўрсатган. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби индонезияликлар ҳам Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Нақшбандий, Мотрудий каби алломалар етишиб чиққан юртни бориб кўришни ва зиёрат қилишни жуда хоҳлайди. Индонез халқининг сифатли дам олишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон томони билан манфаатли ҳамкорлик истиқболларига эгамиз», - деди Сандиага Салаҳуддин Уно.

Икки томонлама ўтказилган мулоқот жараёнида Индонезия аҳолиси учун қизиқ бўлган Ўзбекистоннинг қишки туризм салоҳияти тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.

«Halal Fair Jakarta» туризм ярмаркаси бугун ўз ишини якунлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 728 times

Янгиликлар

Top