Дунё янгиликлари

Ўзбекистонда нечта миллат ва диний конфессия вакиллари истиқомат қилади?

“India Narrative” ахборот-таҳлилий порталида ҳиндистонлик таниқли халқаро шарҳловчи Адити Бҳадурининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Бектош Бердиев билан суҳбати эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда Ўзбекистонда диний эркинлик учун яратилган шароитлар, ўзбекистонликлар ҳаётида диннинг тутган ўрни, конфессиялараро тотувлик, жамиятнинг радикаллашувига қарши олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилган.

Ўзбекистон бой маънавий-маърифий меросга эга. Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар азалдан йирик таълим марказлари сифатида машҳур бўлган, дейилади интервьюда.

Суҳбатда мазкур йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган, мамлакатимизда ислом дини ва мероси ҳақидаги билимларни тарқатаётган ислом олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Ўзбек олимининг “Биз жамиятда бағрикенгликни ривожлантирувчи ва тарғиб қилувчи мутахассисларни тайёрлаймиз, чунки Ўзбекистонда ислом азалдан шундай мазмун касб этган. Биз асрлар давомида турли маданиятлар ва ғоялар таъсирида бўлган Ипак йўли чорраҳасида жойлашганмиз. Академиямизнинг асосий мақсадларидан бири ҳам жамиятда бағрикенгликни, турли дин вакиллари тинч-тотув яшашини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборатдир”, деган сўзлари келтирилган.

Материалда Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида мамлакат дунёвий давлат деб эълон қилингани таъкидланган.
«Мамлакатимизда 130 миллат ва 16 турдаги диний конфессия вакиллари бир оила бўлиб истиқомат қилади. Уларнинг ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қилишимиз керак. Биз демократия шароитида яшашни хоҳлаймиз”, дейди Бектош Бердиев.

Интервью Ўзбекистон халқи Асосий қонунга таклиф этилган ушбу тузатишларни референдумда қўллаб-қувватлагани ҳақидаги сўзлар билан якунланган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 764 times

Янгиликлар

Top