Дунё янгиликлари

Мавритания – соф араб тили сақланган ўлка

Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили араб тилидир.

Мавритания – ривожланаётган давлат. Унинг “Мавритания” деб аталиши тасодифий эмас. Аҳоли ўзларини ўрта асрларда Испания мусулмонлари бўлган маврларга алоқадор деб билади.

АҲОЛИСИ

Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади. Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар – чўл ва даштларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра, улар араб, барбар ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга боғланади. Барбарлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган. VII–VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг барбарларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.

СОФ АРАБ ТИЛИ

Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил меъёрларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида гаплашишади.

ДИНИ

Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Исломнинг кириб келиши милодий VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI–XVII асрларда тарқала бошлади.

ИККИНЧИ ЭНГ ҚАДИМ МИНОРА

“Шингетти” жоме масжиди XIII–XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақаси Шингетти шаҳри асосчилари барпо этишган. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди

Read 789 times

Янгиликлар

Top