Дунё янгиликлари

Вакилларимизнинг Халқаро Қуръони карим мусобақаларидаги иштироки.

Шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари  Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида XXXIX  Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Вакилларимиздан Тошкент ислом институти битирувчиси Сайдуллоҳ қори Тоҳиров ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов мазкур мусобақада иштирок этиш учун 2 октябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетишди. 

Ушбу мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан келган, 200 га яқин қорилар иштирок этади. Мусобақа шартлари қуйидагилардан иборат:

  1. Қуръон каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиши.
  2. Қуръон каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.
  3. Қуръон каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.
  4. Қуръон каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериши.

Вакилларимиз мусобақанинг 2 ва 3 шартлари бўйича иштирок этади.

Шунингдек, шу йилнинг 7 – 9  октябрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Ҳар йили дунёнинг шарқ ва ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда.  Ҳозирда мазкур мусобақада қатнашиш учун 32 та мамлакат  вакиллари ташриф буюришди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мусобақада юртимиз вакили  Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имоми ноиби Азимбоев Валихон қори ҳам қатнашади.  Вакилимиз сўзига кўра, Россия Федерациясида ўтказиладиган XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси шартлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиш ва уни чиройли талаффуз қилишдан иборат. Қориларимизга мазкур халқаро нуфузли мусобақаларда олий ўринларни эгаллашини Аллоҳдан сўраб қоламиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими ходими,

А.Парпиев

Read 8030 times

Янгиликлар

Top