Дунё янгиликлари

Озарбайжон ОАВлари Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ёзмоқда

Озарбайжоннинг оммабоп «Каспий» газетасида Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда 2024 йил бошига қадар Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини очиш режалаштирилаётгани маълум қилинган.

«Марказ қурилиши сўнгги беш йил давомида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги машҳур Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси ҳудудидаги 7 гектар майдонда олиб борилмоқда, — дейилади мақолада. -Қурилиш ишларининг асосий қисми аллақачон якунланган».

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат туркий дунёда, балки бутун ислом оламида ушбу йўналишда фаолият юритаётган илмий марказлар учун таянч вазифасини ўтайди.

«Марказда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий изланишлар олиб боради, улар фаолияти натижалари асосида энциклопедия ва илмий нашрлар чоп этилади, теледастурлар тайёрланади, фильмлар суратга олинади, - деб ёзган Озарбайжон босма нашри. – Марказда фаолият юритадиган Халқаро ислом академиясида 200 нафардан ортиқ талаба магистратура ва докторантурада ўқишни давом эттириши мумкин».

Нашрда таъкидланганидек, Марказ Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.

«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан мамлакатнинг диний ва тарихий сайёҳлик йўналишларига илмий, таълим ва маданий йўналиш қўшилади», - деб ёзган «Каспий» газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 972 times

Янгиликлар

Top