Дунё янгиликлари

Малайзиянинг етакчи газетаси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳақида

Малайзиянинг етакчи газетаси “The Star” да “Тошкентга саёҳат” номли мақола чоп этилди. Унда Тошкент ҳақиқатан ҳам бой тарихга, бетакрор маданиятга эга яширин марварид эканлиги, ташриф буюрувчиларни самимий меҳмондўстлик билан кутиб олиши таъкидланади, деб ёзади “Дунё” ахборот агентлиги.

Мақолада Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданий-тарихий мероси ҳақида батафсил маълумот берилган. Муаллиф китобхонларни Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг қадимий ва замонавий меъморий объектлари, ёдгорликлари билан таништиради. Хусусан, унинг фикрича, “Буюк Ипак йўли мамлакати” деб ном олган Ўзбекистонга ташриф буюриш ҳар бир сайёҳнинг рўйхатида бўлиши керак. “Тошкент – бой тарихга эга, анъана ва замонавийлик ажойиб уйғунлашган шаҳар”, – дейилади нашрда.

Шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари орасида Чорсу бозори ва “Ҳазрати Имом” (Ҳастимом) мажмуаси бор. Бундан ташқари, Тошкентга ташриф буюрган сайёҳлар жанубга – Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга ҳам бориш имкониятидан фойдаланишлари таъкидланган. “Самарқанд бой ислом меросига эга бўлиб, у ташриф буюрувчиларга ислом маданияти, санъати ва анъаналарининг ёрқин намуналари билан танишиш имконини беради”, — дейилади “The Star” нашрида.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштираётган сайёҳлар яқинда жорий йилнинг 8 декабридан Куала-Лумпурдан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишни бошлаганини маълум қилган Малайзиянинг етакчи лоукостер “Батик Aир” авиакомпанияси хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Қайд этилишича, “Батик Aир” Малайзиядан икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам парвозларни амалга оширувчи биринчи авиакомпания саналади.

Ҳозирда Куала-Лумпур ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширувчи ягона авиакомпания “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МAК ҳисобланади. Мақолада ёзилишича, “Батик Aир” тармоғининг Ўзбекистон томон кенгайиши нафақат малайзияликлар, балки ўзбекистонлик саёҳатчилар учун ҳам яхши янгилик. Янги маршрут уларга Малайзияга ташриф буюриш имкониятини беради, шунингдек, Осиё-Тинч океани минтақасидаги бошқа мамлакатлар ва Океания, жумладан, Aвстралия ва Янги Зеландиядаги кейинги йўналишларга қулай уланиш имкониятидан фойдаланади.

1971-йилда ташкил этилган “The Star” Малайзиянинг энг йирик инглиз тилидаги газетаси бўлиб, кундалик тиражи 280 000 ни ташкил қилади. Бундан ташқари, нашрнинг кунига 5 миллиондан ортиқ аудиторияга эга электрон версияси мавжуд.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 842 times

Янгиликлар

Top