Дунё янгиликлари

“Phoenix Weekly”: Ўзбекистон дунёнинг энг яхши саёҳат йўналишларидан бири

 Хитойнинг машҳур “Phoenix Weekly” журналида “Ўзбекистон: Ипак йўлининг дурдона асари” мақоласи чоп этилди, деб ёзади “Дунё” ахборот агентлиги.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон дунёга машҳур сайёҳлик масканига айланмоқда. Нуфузли “Lonely Planet” туризм журнали 2024 йилда Ўзбекистонни дунёнинг энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири деб топди.

Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлари сайёҳлар учун энг машҳур йўналиш ҳисобланади. Бу ерда сайёҳлар учун барча шароит яратилган.

“Самарқанд Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар бўлиб, 2500 йилдан ортиқ тарихига эга. Унинг жуғрофик жиҳатдан қулай жойлашуви Ипак йўлининг гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшган. 2001 йилда Самарқанд ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган”, дейилади мақолада. Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Самарқанднинг бошқа кўплаб диққатга сазовор жойлари жаҳон сайёҳларининг эътиборини тортмоқда”.

Яна бир тарихий шаҳар – Бухоро ўзига хос меъморий услубда қурилган. Шаҳар марказида жойлашган “Калон” минораси жуда чиройли ва машҳур сайёҳлик обидаси саналади.

“Ҳозирда Ўзбекистон Хитойнинг сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда туризмни ривожлантириш устида ишламоқда. 2020 йилда Самарқандда хитой тилида сўзлашувчи гидлар тайёрлаш ва Ўзбекистонга ташриф буюрган хитойлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун хитой таомларини тайёрлашга ихтисослашган “Ипак йўли” халқаро туризм университети ташкил этилди”, дея хулоса қилади “Phoenix Weekly” журнали.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.

Read 651 times

Янгиликлар

Top