Дунё янгиликлари

“Сунний маданият маркази” ҳақида нима биламиз?

Яқиндагина мамлакатимизга Ҳиндистондан “Сунний маданият маркази” делегацияси ташриф бургани ва уларнинг Самарқанд, Бухоро сингари тарихий шаҳарларимизга сафар қилганлари ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу марказ ҳақида маълумот билан танишинг. 

1978 йилда асос солинган “Сунний маданият маркази” Ҳиндистондаги энг машҳур илмий ва ҳайрия ташкилоти бўлиб, унинг асосий биноси Керала штатининг маркази Каликут шаҳрида жойлашган. 

Марказ филиаллари дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан Форс кўрфази давлатлари, Европа ва Америкада, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Марказ қошидаги 50дан ортиқ муассасалар, хусусан Қуръон мактаблари, шариат коллежлари, меҳрибонлик уйлари, ўрта мактаблар, аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослашган колледжлар, малака ошириш институтлари, техник институтлар, тиббиёт институтлари, масжид ва шифохоналарнинг ҳам доимий тарзда жамият тараққиётига хисса қўшаётганлиги аҳамиятга молик. Бу даргоҳда ижтимоий-диний фанлар билан бир қаторда замонавий фанлар уйғунлигига катта эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда Марказнинг барча йўналишларида 200 мингдан зиёд талаба таҳсил олиб келмоқда. 

 

 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад Ҳиндистоннинг Керала штатида 1939 йилнинг 22 мартида таваллуд топган. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад Ҳиндистондаги сунний мусулмонлар раҳнамоси, Бутун Ҳиндистон мусулмон уламолар бирлашмаси Бош котиби, Керала штатида жойлашган Сақофати Суннийя Маркази асосчиси ва ректори, шунингдек, Сунний ёшлар жамияти ҳомийси ва Керала Самаста сунний мусулмон уламолар ташкилоти Бош котиби ҳисобланади. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад бошчилигида 23 та исломий мактаб, 2000 та масжид, 1650 та қудуқ, 26 та таълим муассасалари қурилди, ва ўз фаолиятини бошлади. 

Шайҳ Абу Бакр Аҳмад араб, инглиз, урду, тамил ва малаям талларида яратилган кўплаб диний асарлар ҳамда илмий мақолалар муаллифидир. У бир қатор миллий ва халқаро мукофотлар билан тақдирланган. 

Муҳаммад Абдул Ҳаким Азаҳарий Хиндистоннинг Керала штати, Каликут (Кожикоде) шаҳрида 1971 йил 20 февралда таваллуд топган. Устоз Абдул Ҳаким бошланғич таълимни Сақофати Суннийя Марказида бошлаб, кейинчалик докторлик даражасини Мисрдаги Ал-Азҳар университетида қўлга киритди. 

 

 

Муҳаммад Абдул Ҳаким Азҳарий «Сунний маданият маркази» биринчи директори, Ишаас ўрта мактаби, Озчилик таълими бирлашмаси ҳамда Ҳиндистон ҳайрия ва кўмак фонди бош директори, Илм шаҳри бошқарувчиси, Ҳиндистон ҳукумати урду тилини ривожлантириш миллий кенгаши, Керала Самаста исломий таълим муассасаси, Маслаҳат идораси ва Марказ ул-ҳуда карнатака ташкилотлари аъзоси, Ал-эҳсон таълим маркази президенти ҳисобланади. 

Доктор Азҳарий кўплаб халқаро учрашувлар ва анжуманлар иштирокчиси. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3167 times

Янгиликлар

Top