Дунё янгиликлари

Еврокомиссар имомлар билан учрашди

Европа комиссиясининг Биринчи вице-президенти Франс Тиммерманснинг Европа имомлари билан учрашуви Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо олти мамлакат – Белгия, Болгария, Германия, Италия, Нидерландия ва Франция томонидан қўллаб-қувватланган. Ушбу учрашув жорий йилнинг 28 март куни бўлиб ўтгани ҳақида "eumonitor.eu" портали маълум қилган.

Мазкур учрашув Европа келажаги борасидаги муҳокамалар доирасида ўтказилди. Мулоқотдан кейин Тиммерманс чиқарган баёнотда Ислом дини Европанинг бир қисми бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолиши билдирилган.

“Комиссия Европада хилма-хилликни қатъий тарғиб қилишга бел боғлаган. Ислом тарихимизнинг бир қисми, Ислом ҳозир ҳам жамиятимизнинг бир қисми ва Ислом келажагимизнинг бир қисми бўлиб қолади”, дея таъкидланган баёнотда.

Учрашув мусулмон жамоалари билан икки томон манфаатдор бўлган ва хавотирга солаётган масаллар, хусусан, имомларнинг роли ва уларни тайёргарликдан ўтказиш, мусулмонлар дуч келаётган камситишлар, таълимнинг роли, дин эркинлиги, ашаддий миллатчилар таҳдиди ва терроризм, иммиграция юзага келтирган муаммолар ва имкониятлар каби масалалар юзасидан очиқ муҳокамалар бошлаш учун қулай имконият яратгани айтилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3155 times

Янгиликлар

Top