Дунё янгиликлари

Мисрда “Кўк кит” ўйнашни тақиқловчи фатво берилди

Кеча, 5 апрель куни Мисрда “Кўк кит” ўйинида иштирок этишни тақиқловчи фатво берилди. Бу ҳақда “Ал-Аҳрам” газетаси Фатволар бошқармаси хабарига асосланиб “azon.uz” нашрининг хабар берди. Йил бошидан буён мамлакатда камида икки боланинг ижтимоий тармоқдаги “ўлим гуруҳи”га қўшилиши фонида ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари қайд этилган. 

Фатвода, хусусан, ота-оналарга ўз фарзандлари хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ва бундай ўйинлар хавфи жиддий эканлиги билан боғлиқ хабардорликни ошириш вазифаси юклатилади. Бундан ташқари, Фатво бошқармаси тегишли органларни бу ўйинни қонунга зид деб эълон қилишга, болалар ва ўсмирлар ҳаётига ҳалокатли таҳдиди туфайли уни ҳар қанақасига тақиқлашга чақирган. 

2 апрель куни Ғарбия провинциясида мамлакат парламенти собиқ депутатининг 18 ёшли ўғли ўз жонига қасд қилган. Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқлардаги “Кўк кит” ва шу каби ўйинларга алоқадор бўлган. Жорий йилнинг январида 32 ёшли мисрлик аёл “ўлим гуруҳи” вазифаларини бажариб, ўз отасини ўлдиришгача борган, кейинчалик у руҳий жиҳатдан носоғлом деб топилган. 

Сўнгги вақтларда ҳалокатли ўйин бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда ва МДҲ, Бразилия, Аргентина, Ҳиндистон, Тунис ёшларини ўз тўрига илинтирмоқда. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2867 times

Янгиликлар

Top