Дунё янгиликлари

Муфтий Альбир ҳазрат Крганов: Ўзбекистон ислом маърифатини дунёга ёймоқда

Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлар бугун буткул ўзгача шукуҳга эга бўлиб, замонавий қиёфа касб этиб бораётир. Дунёнинг қайси қитъасидан бўлмасин, дин-эътиқоди, миллат-ирқидан қатъи назар, Аллоҳнинг назари тушган бу юртга башарият аҳлининг ҳаваси келаётгани ҳам чин ҳақиқатдир.

Илм-фанга иштиёқ ўзбек халқининг қонида бор. Айниқса, ислом таълимоти шакллантирилиб, унинг маданий пойдеворини қўйган буюк аждодлар руҳига чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши ўзбек халқининг глобал дунёда ўзига хослигини сақлаб қолишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатнинг қайси шаҳрига йўлингиз тушмасин, у ерда улуғ авлиёлар, буюк зотларнинг мақбараларини кўрасиз. Ўзбекистонда ўнлаб мадрасаю диний марказлар фаолият юритиб турибди. Айниқса, Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институти муқаддас Қуръон оятлари, ҳадис илми, ислом тарихи ҳамда қўшимча диний фанларни чуқур ўрганиш, англашга бўлган кучли интилиш ва саъй-ҳаракатлар билан ажралиб туради. Бу даргоҳларда Осиё ва Европанинг турли мамлакатлари вакиллари бўлган кўплаб таниқли диний уламолар, сиёсий арбоблар таълим олган. 

Ул зотлар МДҲ ва хориж давлатларида ислом маданиятининг замонавий дунёга хос ривожланишига катта улуш қўшган ва қўшиб келишмоқда. Таълим масканида ноёб манбалар хазинаси мавжуд бўлиб, ундан жами 20 минг нусха асл қўлёзмалар ҳамда хаттотлик санъати намуналари ўрин олган. Институтда ISESCO ташкилотининг ислом цивилизациясини ўрганиш кафедраси муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институти нафақат мусулмонлар учун олий таълим муассасаси, балки исломнинг маънавий ва маърифий марказидир. Бу ерга халқаро миқёсда юқори нуфузга эга бўлган меҳмонлар ташриф буюришади. Ўтган йили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Тошкент ислом институтида бўлди, Кувайт ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Сулаймон ал Саид бошчилигидаги делегация эса мазкур даргоҳда икки мамлакат илмий-амалий ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди. Бу муқаддас ўқув даргоҳига Россия мусулмонлари диний жамоаси ҳамда ушбу мамлакат диний ва жамоатчилик арбоблари делегациялари раҳбари сифатида, гоҳида шахсан ўзим бир неча маротаба бориш шарафига муяссар бўлганман. Менга у ердаги фахрий меҳмонлар китобини кўрсатишди. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг шу институтда бўлганида ёзиб қолдирган сўзлари орасидаги “айрим замонавий таълим йўналишлари, масалан, ижтимоий-диний психология фани Россиянинг диний олий ўқув юртларида ҳам ўқитилиши мумкин”, деган эътирофи ҳар қандай кишида чуқур таассурот қолдиради, деб ўйлайман. 

Диний эътиқод асослари ва арконларини эгалламай туриб, Аллоҳ сари юзланиш мушкул. Исломни қабул қилган халқлар учун бу дин пайдо бўлган пайтдан бошлабоқ, ҳам қалбан покланиш, ҳам маданий-маънавий юксалиш, ҳам таълим-тарбия ва давлатчиликни тараққий эттириш воситаси бўлиб келди. Тошкентдаги ислом институти ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган буюк муҳаддис ва муфассир олим Имом ал-Бухорий номи билан юритилади. Унинг “Саҳиҳи Бухорий” тўплами бутун ислом оламида Қуръондан кейинги иккинчи китоб, дея тан олинган.

Шўро мафкураси ҳукм сурган даврда ислом дини камситилиб, диний билимлар анчайин ёддан чиқарилди. Фақат улкан саъй-ҳаракатлар туфайлигина собиқ иттифоқнинг турли жойларида буюк алломалар меросини сақлаб қолиш ва ўрганишни давом эттиришга муваффақ бўлинди.     

Россиядаги ислом таълими ҳақида Президент Владимир Путин шундай дейди: “Бу таълим ҳамиша теран илдизларга, катта тарихга эга бўлган. Тўғри, совет ҳокимияти йилларида кўп нарса бой берилди. Бой мероснинг ҳаммаси бўлмасаям, анча қисми бузиб талқин қилинди. Энди ўз мактабимизни қайта тиклашимиз керак”. 

Ислом таълимоти ўзининг давомчилари томонидан билимларни бойитиш, Аллоҳга хуш келувчи фаолият орқали тикланади ва янада тараққий топади. Ўтган асрнинг 70-йилларида собиқ иттифоқдаги масжидларнинг имом-хатиблари малакасини ошириш курси мақомида иш бошлаган Тошкент ислом институти бугунги кунда ислом дини асослари, диншунослик, ислом тарихи ва фалсафаси, тиллар ҳамда бошқа фанлар бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаяпти. Ушбу олий таълим муассасасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борилиб, халқаро ҳамкорлик, шу жумладан, Россия билан ҳам ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда.  

Россия ва Ўзбекистоннинг диний таълим соҳасидаги ҳамкорлиги Россия ислом мактаби фаолияти ва халқаро муносабатларни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили октябрь ойида Ўзбекистонда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.  Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, таълимни ривожлантириш, ёшларнинг ахлоқий тарбияси сингари масалалар мазкур конференциянинг диққат марказида тургани биз учун жуда катта аҳамиятга эга. 

Айнан Ўзбекистон, аниқроғи, Бухоро бизнинг мамлакатларимиз учун чинакам ватанпарвар инсонларни, мустаҳкам диний эътиқод ва гўзал ахлоқ-одоб соҳиблари бўлган, бунёдкорлик ғояларини тарғиб этувчи олимларни тарбиялаб берди. Чет давлатлардан ёлланиб келган жоҳиллар, вайронкор оқим вакиллари муқаддас динимиз ниқоби остида жамиятни парчалашга уринганида, айнан шу улуғ асос туфайли биз жиддий синовлардан муваффақият билан ўтдик. Барчамиз яхши биламизки, уларнинг “иштаҳаси” ҳануз пасайгани йўқ. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини заифлаштирмоқни, айниқса, ёшларимиз онгини заҳарламоқни истовчи кучлар ҳалиям мавжуд. Шу боис ҳам бугун, тарихимизда, ҳамиша бўлгани каби, бирдамлик шиори остида жам бўлишимиз жуда зарур. 

Хўш, “бирдамлик” сўзи нимани билдиради, дея ўзимизга савол бериб кўрайлик-чи. Бу, энг аввало, жамоавий масъулиятдир. Аллоҳ таоло муқаддас Қуръонда “Бир-бирингизни қўллаб-қувватлангиз, эзгу ишларда ва ибодатда бирдам бўлингиз, гуноҳ ва душманликда эса бир-бирингизни қўллаб-қувватламангиз”, дея марҳамат қилади.

Янги ташкил этилган Ўзбекистон Ислом академияси исломий фанларни тўғри йўналишда такомиллаштиришга хизмат қилиб, умумжаҳон маданиятига, дунёда тинчлик-тотувликни таъминлашга катта хизмат қилади, деб умид билдиришимиз учун асослар мавжуд. Негаки, Ўзбекистон мусулмонлари дин соҳасида, маданият, таълим-тарбия ва бошқа йўналишларда изчиллик, давомийликни сақлаб қолганлар. Улар ислом маърифати ва тарбияси асосларини асрлар оша авайлаб асрамоқда. Бу бебаҳо қадриятдир, айниқса, кўпгина эзгу анъаналар йўқолиб кетаётган, улар ўрнига эса қандайдир суррогатлар таклиф этилаётган бир шароитда покиза булоқни топиш жуда муҳим. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилганларидек: “Билим, бу — исломнинг юраги ва диннинг устуни”. 

Кўпчилик мендан Ўзбекистоннинг диний таълим муассасаларида ўқишнинг имкони борми, деб сўрайди. Умид қиламанки, бундай имконият яқинда тақдим этилади ва бизнинг имомларимиз, талабаларимиз Ўзбекистон мадрасаларида таълим олиши, малака ошириш курсларига қатнаши мумкин бўлади. Ўта аҳамиятли қадам сифатида шуни эътироф этмоқчиманки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муфтий Усмонхон Алимов етакчилигидаги диний уламоларни қўллаб-қувватлади ҳамда Ўзбекистон Ислом академиясидан ташқари алоҳида йўналишлар — ҳадис, фиқҳ, тариқат ва ақида бўйича яна тўртта ўқув юрти очиш ҳақида кўрсатма берди. Бу жуда ноёб замонавий лойиҳа. Фикримча, ундан бутун ислом оламига катта фойда ёғилади. Масалан, Болгария Ислом академияси ҳам шу соҳадаги ҳамкорликка қизиқиш билдирганидан хабарим бор. 

Россия мусулмонлари диний жамоаси (РМДЖ) Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш мақсадида диний туризмни ривожлантириб, Ўзбекистонга бормоқчи бўлган россияликлар учун янги имкониятлар очмоқда. Маълумки, ўзбек замини тарихий ва маънавий жавоҳирларимизни асраб-авайлаб келади. Лойиҳа — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланди. РМДЖ ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўтган йилиёқ имзоланган.

Шунингдек, РМДЖ билан Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Илмий-диний делегацияларнинг ўзаро ташрифлари, Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Имзоланган битим доирасида 2018 йилги Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Россияга ўз олимларини юборади. Мамлакатларимиз, халқларимиз ўртасида маънавий, диний, илмий-амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Мақсад муқаддас динимизнинг азалий ва абадий қадриятлари йўлида хизмат қилиб, ўзаро дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашдир.

Муфтий Альбир ҳазрат КРГАНОВ, 
Россия мусулмонлари диний жамоасининг раҳбари

Read 2696 times

Янгиликлар

Top