Дунё янгиликлари

Ғарбий Африкадаги энг катта Қуръон институти

Сенегалдаги Қуръон ёдлатиш ва шариат илмлари институти Ғарбий Африкадаги ўз соҳасидаги энг катта институт саналади. Ҳозирда унинг талабалари ўқишни тамомлаш учун баъзи бир қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу ҳақда "azon.uz" нашри маълумот берди.

Институтга 1939 йилда сенегаллик хайриясевар Аҳмад Соғир Лавҳ томонидан асос солинган. У буни устози Шайх Аҳмад Кабир Имбойни васиятини амалга ошириш учун қилган. Ҳозирда мазкур ўқув даргоҳида 4 минг 189 нафар ўғил-қиз талаба таҳсил олади.

Институт пойтахт Дакардан 220 км узоқликдаги Куки минтақасида жойлашган. Институт ҳудудида Қуръони каримни ёдлатиш мактаби, талабалар турар жойи, масжид, саломатлик маркази, кутубхона ва меҳмонхона бор.

Бепул таълим

Куки институтида бепул таълим бериш йўлга қўйилган. 3 200 нафар ўғил-қиз талабалар ётоқхонада турадилар. Яна мингга яқин талабалар уйларидан қатнайди. Институтда бир қанча давлатлардан келган талабалар таълим олишади. Мавритания, Гана, Буркина Фасо, Мали ва Гвинея Биссаодан келган талабалар кўпчиликни ташкил қилади.

Институтда дастлабки уч йилда Қуръонни ёдлаганларидан кейин бошланғич, ўрта ва санавий босқичларида ўқишни давом эттиришга рухсат берилади.

Институтни битирган талабалар Саудия, Миср, Туркия, Судан каби давлатлардаги таълим даргоҳларига турли мутахассисликлар бўйича ўқишга борадилар.

Институт эҳтиёжлари

Куки мадрасаси мудири шайх Мухтор Аҳмад Лавҳнинг сўзларига кўра, мазкур даргоҳ Ғарбий Африкадаги Қуръони каримни ёдлатадиган энг катта институт саналади. Бу ернинг кўпчилик талабаларини етимлар ва фақирлар ташкил қилади. Шу сабабдан ҳам институт Туркия ва бошқа Исломий давлатлар кўмагига суянади.

Шунингдек, институт молияси олдинги битирувчилар кўмагидан ташқари, садақалар ва закот молларидан ҳам ёрдам олади.

Шайхнинг сўзларига кўра, Сенегал ҳукумати институтга етарлича ёрдам кўрсатмайди. Берилган маблағ фақатгина баъзи ўқитувчилар маошларини тўлашга етади.

Марказдаги саломатлик маркази ҳам дори-дармон етишмовчилигидан қийналади.

Шайхнинг айтишича, институтнинг электрга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳар ойда 3 000 АҚШ доллари сарфланади. Умумий харажатлар эса ҳар ойда 80 000 АҚШ долларидан ошади.

Ғарбнинг кўмаги рад этилади

Дакар Исломий институти бош котиби Аҳмад Соғир бобоси асос солган институт фаолияти давом этиши учун имконият борича уринилаётганини айтган. У Ислом оламини, хусусан, Туркияни институтга ёрдам қўлини чўзишга чақирган.

Аҳмад Сағир бу ҳақда “Ғарб олами бизга ёрдам беришга уринади, лекин биз буни хоҳламаймиз. Чунки ғарбнинг бу ҳаракати ортида насронийликни ёйишдек ғаразли мақсад ётади”, дейди.

У 1929 йилда Усмонийлар давлати тугатилиши билан мамлакатга келаётган ёрдам узилиб қолганини, аммо бугунда Туркия аждодлари ишини давом эттиришга уринаётганини айтган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3100 times

Янгиликлар

Top