Дунё янгиликлари

Тошкент туризм бўйича халқаро конгрессга мезбонлик қилади

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 3 – 5 май кунлари “Маданий мерос ва туризм” II халқаро конгресс бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Туркиянинг Селчук университети ҳамкорлигида ташкил этиладиган мазкур халқаро форумда Туркия Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ҳамда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Мамлакатимизнинг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳарлари азалдан ўзининг шонли тарихи, бой маданияти билан сайёҳлар эътиборида бўлган.

Бугун ҳам юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан туризм саноатини жадал ривожлантириш, соҳани диверсификация қилиш ҳисобидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Туркиянинг Селчук университети билан биргаликда ташкил этилаётган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистонда туризм индустриясини тараққий эттиришда халқаро тажрибани ўрганиш, сайёҳлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, маданий мерос объектларини сақлаш ва ташриф буюрувчилар кўламини кенгайтиришда замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.

Форум доирасида маданий тадбирлар, ўзаро тажриба алмашиш имконини берадиган учрашувлар ва семинар-тренинглар ташкил этилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2604 times

Янгиликлар

Top