Рамазон

Рўза ва қалб хотиржамлиги

Рўзани бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Рамазон тунларини бедор ўтказишни суннат қилган зот Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Бугунги тараққиёт етиб бўлмас даражада ривожланаётган бир даврда, барча кўпроқ мол-дунё тўплаш ва ҳожатдан ортиқча ҳашаматли иморатлар қуришга берилиб кетмоқда. Баъзилар яхши яшаш ва фаровон ҳаёт кечириш энг олий мақсад деб ўйлайдилар. Ундан бошқа меҳр-оқибат, таълим-тарбия, хулқ-одоб, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик, ажр-савоб, яхшилик, эзгулик каби қалбни хотиржам қилиб, дилни хушнуд қиладиган инсониятнинг маънавий ҳаёти улар учун иккинчи даражалидир. Зеро инсон ҳаётида энг олий неъмат қалб хотиржамлигидир. Баъзи кимсалар хотиржам яшаш даъвосида кунни тунга улаб, кунлари тинмай, тунлари ухламай, бир чақа фойдани деб ёру дўсти, қон-қариндоши ҳатто ака-укаларидан алоқани узиб, молу-дунё йиғмоқдалар. Аслида хотиржамлик шундами? Минг машаққатлар ва ҳаёт ташвишларини рўкач қилиб, бола-чақа баҳонасида тўпланган бойлик ва мол-дунё бир зум хотиржамлик беролмаётгани ҳаммага маълум. Бугун ривожланган мамлакатларда аксар одамлар баланд иморатлар ва кўп мол-дунёга эгалар, лекин уларда хотиржамлик йўқ. Улар бирозгина хотиржам бўлиш, ухлаб хордиқ чиқариш, ором олиш учун турли хил дори воситаларидан фойдаланишлари ҳеч кимга сир эмас. Бекаму кўст яшаш, фаравон ҳаёт кечириш, осон пул топиш илинжида тинч ва осуда юртини ташлаб ўзга юртларга кетаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Натижада хотиржам фаравон ҳаётга эришиш қолиб, соғ-саломат ўз ватанларига қайтишлари сўроқ остида қолмоқда. Мол-дунёнинг кўплиги, уйларни ҳашаматли бўлиши инсонни моддий эҳтиёжини қондиради. Хотиржамлик эса, инсон маънавиятига боғлиқдир.

  Хўш хотиржамлик нимада? Хотиржамлик қаерда? Ким хотиржам? Инсон нима қилса, қалби хотиржам, дили хушнуд, ички дунёси фараҳ ва сурурга тўлиб, жисми роҳатланади? Бу саволларга жавобни муқаддас динимиздан, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан топиш мумкин. 

Рамазон раҳмат ва мағфират ойидир. Рамазонда мўмин-мусулмонларнинг қалблари хотиржам бўлади, руҳлари таскин топади, жисмлари роҳатланади. “Нима учун шундай?” деган савол туғилиши табиий ҳол. Чунки бу ойда исёнкор жинлар ва шайтонлар занжирбанд қилинади, рўза тутилади, Қуръони карим хатм қилинади. Бу ойда Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони карим хатм қилинади. Аллоҳ таолониниг раҳмати, мағфирати ва мўминларга бўлган фазли, жаннатниниг васфи, ажр-савобларниниг ваъдаси ҳақидаги Қуръон оятларини эшитган мўминларнинг қалбига сукунат-хотиржамлик кириб, раҳмати буюк Зотга муҳаббатлари зиёда бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд, 28).

Имом Муқотил ушбу оят тафсирида: “Аллоҳнинг зикридан Қуръони карим ирода қилинган”, дейди. Инсон қалбига ором бахш этиб, сукунат ва хотиржамлик бердиган буюк омил Аллоҳ зикридир. Аллоҳ таолони эслаб, тафаккур қилган, берган неъматларига шукрона тарзида ибодат ва Қуръони карим тиловати билан машғул бўлган банда қалбига илоҳий хотиржамлик ва ором берилиши ояти каримада зикр қилинмоқда. Бугунги кунда мустақиллик шарофати билан юртимиз масжидларида хатми Қуръонлар бўлмоқда, унда Каломуллоҳни эшитиб, барча қалблар хотиржам, диллар ором олмоқда, десак муболаға бўлмайди. Рамазон ойида шундай хайрли иш бўлгани учун ҳам у бошқа ойлардан фазилатлидир. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қлинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг дунёдаги машаққати, ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни ғам-ташвишдан халос қилади. Ким қийналган одамнинг oғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги oғирини енгил қилади. Ким мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбини беркитади. Инсон ўз биродарога ёрдам бераркан, Аллоҳ таоло ҳам у бандасига ёрдамчидир. Ким илм излаб бир йўлдан  юрса, Аллоҳ таоло у учун жаннатга бўлган йўлни енгил ва осон қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳ таолониниг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳ таолонинг Китобини ўқисалар ёки ўзаро дарс қилсалар, уларга тинчлик ва хотиржамлик тушиб, раҳмат қамраб олади. Фаришталар уларни ўраб оладилар. Аллоҳ таоло уларни ўз даргоҳидагилар олдида зикр қилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалб хотиржамлигига етишиш омилларини санаб ўтдилар. Ҳақиқий хотиржамликкка эришмоқчи бўлганлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилсин. Мўмин-мусулмонга ёрдам қилиш, оғирини енгил қилиш, айбини ёпиш Аллоҳ таолонинг каломини ўқишдек қалбга ором бахш этади. Келинглар хотиржамлик ва оромни Аллоҳ таоло буюрганидек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим берганларидек қидирайлик.

Инсон Рамазонда рўза тутиб, бир неча соатлар оч қолади. Натижада жисми маълум миқдорда очлик сабабидан заифлашади. Жисмдаги заифлик инсонни турли-туман нарсаларга йўрғaлаш, дунёнинг арзимаган матосига югуриб-елиш кабилардан тўсади. Инсон еб-ичиш билан бир қаторда маънавий жиҳатдан ҳам мукаммал рўза тутиб, ғийбат, кўз зиноси, чақимчилик, ҳаёсиз сўзлар, бахиллик ва ҳасад каби иллатлардан сақланса, у ҳақиқий хотиржамликка эришиб, қалби сурур ва фараҳга лиммо-лим тўлади.

Аллоҳ таоло ушбу Рамазон ойида қалбларимизга хотиржамлик, ором, сурур ва фараҳни мукаммал қилиб берсин. Ушбу хотиржамликни йил давомида бизларга ҳамроҳ қилсин ҳамда икки дунё соадатига эриштирсин.     

 Баҳриддин ПАРПИЕВ

Read 83952 times

Янгиликлар

Top