muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 15 май 2020 00:00

Рамазон – бизни ўзгартиради!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бизни муборак Рамазон ойига етказди ва аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири Дўзах оловидан халос бўлиш ойи неъмати билан ризқлантирди. Қанча инсонлар бор ушбу кунгача етиб кела олмади. Аммо, бизни Аллоҳ таоло шундай шараф билан сийлади. Бу учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Ушбу ойнинг фазилатини зикр этиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломининг ўзини келтириш кифоя қилади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара сураси 185-оят).

Бутун мусулмон умматини ҳидоят йўлига бошлашлик учун нозил қилинган Қуръони карим ушбу ойда нозил қилингандир. Албатта, ушбу ой мусулмон уммати учун яхшиликларни кўпайтирадиган, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган, нафсни тарбиялайдиган, маъсиятдан тоатга ва фасоддан ислоҳга ўтадиган баракали ой ҳисобланади.

Рамазон бизни ўзгартирсин! Чунки, бу ойда раҳмат ва баракалар мўлу-кўл бўлади. Раҳмат эса бутун мусулмонларни қамраб олади, фақатгина якка бир кишини эмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш маҳал намоз ва жума кейинги жумагача, Рамазон кейинги Рамазонгача орадаги (гуноҳ)ларга каффоратдир, агар киши гуноҳи кабиралардан сақланган бўлса», дер эдилар. (Муслим ривоят қилган).

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг “Сунан”ларида келади, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бурни ерга ишқалансин! Унинг ҳузурида менинг номим зикр этилиб, саловот айтмаган кишини. Бурни ерга ишқалансин! Рамазонга кириб, ундан (гуноҳлари) кечирилмай чиққан кишини. Бурни ерга ишқалансин! Ота-онасини катталик чоғида топиб, Жаннатга кирмаган кишини”.

Кўрдим, гуноҳлар қалбни ўлдирар,

Унда бардавомлик хорлик келтирар.

Гуноҳларни тарк этиш қалблар ҳаёти,

Нафсга бўйсунмаслик киши нажоти!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади," дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазонда фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, уни аввалги гуноҳи кечирилади", дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Ҳасан Басрий айтадилар: «Халойиқ тоат-ибодатда мусобақалашиши учун Рамазон ойини Аллоҳ таоло мусобақа майдони қилди. Бир қавм у мусобақада ғалаба қозонди, бошқа бир қавм ортда қолиб, енгилди».

Ишонч ҳосил қилайлик, биз тавба қиладиган ва ўз ҳолатларимизни тўғирлаб, Роббимиз билан алоқамизни мустаҳкамлайдиган кунлар олдида турибмиз.

Аллоҳ таоло ушбу ойда қиладиган ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

 

Абдуссамиъ Эргашев тайёрлади

П'ятниця, 15 май 2020 00:00

“…Албатта Мен яқиндирман”

“…Албатта Мен яқиндирман”

(Бақара сурасининг 186-ояти тафсири)

 وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ (186)

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Юқоридаги оятларда Рамазон рўзаси ҳақида сўз кетган эди. Аллоҳ таоло бандаларига енгилчиликни ирода қилганини маълум қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларига қийинчиликни раво кўрмайди. Ушбу ояти кариманинг маъноси эса:

Модомики, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сенга рўзада берган нафсий покланиш ҳаловатини тотар экансан, У Зотга шукр қилишликка юзланасан. Бу эса (юзланишлигинг) Аллоҳ таолонинг сенга “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавоб қайтаришига муносибдир. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада “إذا” (изаа) калимаси келди, “إن” эмас! Аллоҳ таоло таъкидлаяптики, сен ушбу ҳаловатга эришганингдан сўнг, албатта, У зотга шукр қиласан. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Уч тоифа бор, уларнинг дуолари рад қилинмайди: Рўзадор – оғиз очгунича, адолатли имом ва мазлумнинг дуоси”. (Ушбу дуо)ни Аллоҳ таоло булутлар устига кўтаради ва унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатимга қасам! Албатта, унга нусрат бераман. Озгинадан кейин бўлса ҳам”, дейди”.

Аллоҳ таоло дуони қабул қилишлигини билдик. Хўш, сен имом эмасдурсан ва мазлум ҳам эмасдурсан. Аммо, рўзадор бўла оласан! Демак, сенга рўза тутиш қолди.

Қуръони каримда “سأل” (саъала) “сўраса” калимасини келган жойини кўрсак, кетидан жавобида “قل” (қул) “айт” калимаси ҳам келади:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَآ إِثْمٌ كَبِيرٌ [البقرة: 219]

“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: Иккисида катта гуноҳ... бор” деб айт” (Бақара сураси 219-оят).

وقوله:{ وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ }[البقرة: 219]

“Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:Ортиқчасини, деб айт” (Бақара сураси 219-оят).

يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلْ مَا أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُواْ مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ [البقرة: 215]

“Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир, деб айт” (Бақара сураси 215-оят).

Барча ўринда “يَسْأَلُونَكَ» (ясъалунака) «сўрашади», калимасидан сўнг “قُلْ” (қул) “айт” деб, бир ўринда эса “فقل” (фақул) “бас, айт”, деб келган:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْجِبَالِ فَقُلْ يَنسِفُهَا رَبِّي نَسْفاً  [طه: 105]

“Сендан тоғлар ҳақида сўрарлар. Бас: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак... деб айт” (Тоҳа сураси 105-оят).

Диққат билан назар ташласак, “قُلْ” (қул) ва “فقل» (фақул) ўртасида фарқ бўляпти. Яъни, Аллоҳ таоло бандалари орасида бўлаётган амал борасида сўрашганда “قُلْ” (қул), деб жавоб беришликни буюраяпти ва ҳали бўлмаган, кейинчалик бўладиган нарса борасида сўралганда, “فقل» (фақул) деб, жавоб беришликни буюряпти. Бу Қуръони каримнинг нозик балоғатли эканлигидан далолат!

Аммо, биз тўхталаётган ояти каримада эса, “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар…” дан кейин, на “قُلْ” (қул) ва на “فقل» (фақул) деди. Чунки, “قُلْ” (қул), деб ишлатишлик амалиётда яқинликни узоқлаштириб юборади. Аллоҳ таоло бу ерда бандаларининг сўровига воситасиз жавоб беришликни ирода қилди. Гарчи, бу хабарни етказувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсаларда, Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман”, деб жавобни бандаларига тўғридан-тўғри йўллади. Бунинг нозил бўлиш сабаби бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Роббимиз яқинми муножат қилсак, ёки узоқми нидо қилсак?”, деб сўрашган эди. Чунки, одатда узоқдаги кишига нидо қилинади. Кейин, Аллоҳ таоло жавобан: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман” деди. Бу яқинликнинг фойдаси нимада?! Албатта, Аллоҳ таоло айтаяптики: “Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман”. Лекин, бунинг шартлари қандай?

“Агар бандаларим сўрасалар” оятида “عباد” (ъибаад) калимаси ишлатилди. Араб тилидан маълумки, «عبيد» (абийд) ва “عباد” (ъибаад)  калималари ўртасида фарқ мавжуд. Тўғри, иккала калиманинг ҳам бирлик кўриниши “عبد” бўлишлиги мумкин. Аммо, бу ерда «عبيد» ва “عباد” борасида сўз кетмоқда. Ер юзида барча Аллоҳга «عبيد» – “қул” бўла олади, лекин, ҳамма ҳам “عباد” – “банда” бўла олмайди. Нима учун?

Чунки, «عبيد» (абийд) борлиқда бошқа нарсалар каби бўйсундирилгандир. Булар орасида ҳақдан бош тортганлари ҳам мавжуд. Аммо, Аллоҳнинг бандалари “عباد” У зотнинг барча буйруқларига ўз ихтиёрлари билан бўйсунганлардир. Улар қачон туғилиб, қачон ўладиган ва қандай бу оламда бор эканлиги борасида ақл юритмайдиганлар орасида туриб ҳам Аллоҳнинг буйруқларига эргашадилар. Бу ерда “عباد” лар Аллоҳ таоло уларга қилган ихтиёр иш борасида шундай деб ажралиб турадилар: “Тўғри, ё Роббим! Сен бизга ихтиёр бердинг ва биз эса Сенга борар йўлни тутдик. Ҳавойи нафсимиз бизнинг устимиздан ҳукм чиқаришлигига қўйиб бермаймиз. Сен шундай дегансан “Фалон ишни қил” ва “Фалон ишни қилма”, биз эса ушбу таклифни Сендан қабул қилганмиз. Ё Роббим!».

Роббинг сенга “Қил” деб айтади, қачонки, сен бу ишни қилиш ёки қилмасликка қодир бўлсанг. Ёки “Қилма” деб айтади, қачонки, сен бу ва бу ишни қилишликка қодир бўлсанг! Шунинг учун ҳам, “Қил” ва “Қилма” деган буйруқ ихтиёрий буйруқлар ичига киради. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло сенга баъзи ишларда “Қил” ва “Қилма” деб, буйруқ берди, аммо, яна бир қанча ишлар борки, у борасида сенга на “Қил” ва на “Қилма” деди. Бу ишни қилиш ё қилмасликда эркин бўласан. Буни “Мубоҳ ихтиёр доираси” деб номлади. Бу ерда яна “Қил” ёки “Қилма” дейишликка боғланган таклифлар ва унинг устида зарар қоим бўлмаган, қилиш-қилмаслик сенинг қўлингда бўлган таклифлар бор. Ихтиёридан фойдаланиб, “Роббим, Сен менга ихтиёр бердинг. Лекин, мен Ё ихтиёрни берган зот, бу ихтиёрни яхши деб билган томонингга юзлантиришлигинг учун Сенга топширдим. Мен ихтиёримдан воз кечаман. Сен “Қил” деган нарсангни қиламан ва “Қилма” деган нарсангни ҳаргиз қилмайман”, деган киши ҳақиқий бандадир.

Демак, ҳақиқий “عباد” лар ихтиёрини олиб, уни ихтиёрни уларга туҳфа этган зотнинг ўзига топширишди. Аллоҳ таолога: “Биз Сени ўз нафсимизга омонатдор этдик” дейишди. Аллоҳ таоло бу бандаларини “عباد” сифатлаб шундай марҳамат қилади:

وَعِبَادُ الرَّحْمَـانِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الجَاهِلُونَ قَالُواْ سَلاَماً * وَالَّذِينَ يِبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّداً وَقِيَاماً   [الفرقان: 63-64]

“Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, салом, дейдиганлардир. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказурлар” (Фурқон сураси 63-64 оятлар).

Мана шу зотлар Аллоҳнинг “عباد” бандаларидирлар. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло шайтонга шундай деган:

إِنَّ عِبَادِي لَيْسَ لَكَ عَلَيْهِمْ سُلْطَانٌ   [الحجر: 42]

“Албатта, менинг бандаларим устидан сенга ҳукмронлик қилишлик йўқ” (Ҳижр сураси 42-оят).

Ундай бўлса, шайтонга бандалар устидан мутлоқ ҳукмронлик йўқ экан. Шайтон “عبيد” ларга ихтиёрлари сабабли таъсир ўтказа олади. “عِبَادِي” калимаси ичига “عبيد” калимаси кирмайди. Фақатгина қиёмат куни келганда иккала калимага ҳам “عِبَادِي” калимаси ишлатилади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

أَأَنتُمْ أَضْلَلْتُمْ عِبَادِي   [الفرقان: 17]

“Анави бандаларимни сизлар адаштирдингизми? (Фурқон сураси 17-оят).

Қиёмат қоим бўлганида, ҳеч кимнинг ихтиёри қолмайди. Шу сабабдан ҳам барча “عِبَادِي” калимаси ичига кириб кетади. Ҳатто, кофирларга ҳам ихтиёри қайтиб берилмайди.

Аллоҳ таоло “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Бандалар Аллоҳ таолонинг иймоний манҳажини тутганлар. Шу боис, У зотдан фақатгина иймон ва таклифотларни кетказмайдиган нарсаларни сўрайдилар.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар”. Чунки, дуо жавобни талаб қилади. Модомики, дуоингни ижобат бўлишлигини ҳоҳласанг, Роббингга одоб ила муомила қилгин! У зот субҳанаҳу ва таоло сени Ўзининг йўлига чақирди. Аллоҳ таоло сенинг дуоингни ижобат қилишлигини ҳоҳласанг, сен ҳам У зотнинг чақириғига ижобат қилгин! Аллоҳ таоло “Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман” деб марҳамат қилди. Дуо қилгувчининг ўзинигина келтирмади. Балки, унга шарт қўйди, яъни “Менга дуо қилганида” деди. Чунки, баъзида инсонлар бажаришга қодир бўлмаган кишилардан ҳам сўрашликлари мумкин. Бунга мисол Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасидир:

إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ   [الأعراف: 194]

“Албатта, Аллоҳдан бошқасига дуо қиладиганлар ҳам сиз каби бандадирлар” (Аъроф сураси 194-оят).

إِن تَدْعُوهُمْ لاَ يَسْمَعُواْ دُعَآءَكُمْ..  [فاطر: 14]

“Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар” (Фотир сураси 14-оят).

Гўёки, банда ижобат қилишликка аҳл бўлмаганлардан сўрайди. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эса бизга “Дуо қилгувчи менга дуо қилганида ижобат қилурман”, деб таълим беряпти. Аммо, банда бориб, вафо қилишликка қодир бўлмаган кишидан сўраса, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилишликка масъул эмас.

Аллоҳ таоло бу ерда бизга инсон ўзи учун яхши бўлган нарсани сўрашлиги ҳақида таълим бермоқчи. Инсон зоти бу яхшиликларни чегаралашга қодир эмас. Яъни, сен бир ишни яхши деб билишлигинг мумкин аммо, у аслида ёмон бўлиб чиқади. Сен уни яхши деб ўйлаб, дуо қилишликда бардавом бўлишлигинг мумкин. Шундай экан, дуонинг асл мулоҳазаси шуки, сен яхшликни яхши кўрасан. Лекин, яхшиликни тушунишликда ёки унга етказадиган нарса борасида хатоликка йўл қўйишлигинг мумкин. Шак-шубҳа йўқки, сен яхшиликни севасан. Шунинг учун ҳам Роббингни дуоингни ижобат қилишлиги – агар сенга нисбатан яхшилик келтирмайдиган бўлса, дуоингни ижобат қилмаслигидир. Шунинг учун ҳам, Роббингга умид қилиб, дуо қилганингдан сўнг У Зот дуоингни ижобат қилмаса, “Нима учун Аллоҳ дуойимни ижобат қилмади?”, деб айтма! Аллоҳ сенинг дуоингни ижобат қилди. У Зот сендан аҳмоқона дуо ёки унда сенга ёмонлик етадиган томонини кетказди. Чунки, сен дуо қилаётган зот Ҳаким зотдир. У Зот гўёки шундай демоқда: “Мен сенга яхшликни бераман. Мен биладиган яхшилик сенбиладиган яхшликдан устундир. Шу боис ҳам бу доингни ижобат қилинмаслиги сен учун яхшликдир”.

Бунга бир зарбул масал келтирсак – Аллоҳ таоло энг олий масалга лойиқ зотдир – Ўғлингиз сиздан ўз ёшига муносиб бўлмаган нарсани сўраса. Сиз ўғлингиз учун сўраган нарсасида зарар бор эканлигини билсангиз, сиз унга сўраган нарсасини сотиб олиб берасизми? Йўқ, албатта! Чунки, сиз у сўраган нарсадан зарар ва хавф-хатар бор эканлигини биласиз. Шу боис ҳам унга сўраган нарсасини олиб бермайсиз. Балки, сиз у сўраган нарсасидан кўра афзал ва яхшироқ нарсани олиб берасиз ва у сиз олиб берган нарса билан қувонади.

Шундай экан, яхшилик — ишлардаги ҳикмат тақозосига кўра бўлади.

Сизнинг дуоингизнинг ижобат бўлмаслигида ҳам, сизга унда жабр-ситам етишлиги сабаб бўлганлиги учундир. Бу борада Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:

وَيَدْعُ الإِنْسَانُ بِالشَّرِّ دُعَآءَهُ بِالْخَيْرِ وَكَانَ الإِنْسَانُ عَجُولاً   [الإسراء: 11]

“Инсон яхшиликка дуо қилгани каби, ёмонликка ҳам дуо қилади. Албатта, инсон шошқалоқдир” (Исро сураси 11-оят).

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтадики:

سَأُوْرِيكُمْ آيَاتِي فَلاَ تَسْتَعْجِلُونِ   [الأنبياء: 37]

“Сизга тезда оятларимни кўрсатаман. Шошқалоқлик қилманглар!” (Анбиё сураси 37-оят).

Уламолар айтишади: “Албатта, дуо билан хорлик ва ибодатни қасд қилсанггиз, гўзал бўлади. Ижобат эса фақатгина Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Сиз дуода ўзингизнинг насибангизни қила олишингиз мумкин, аммо, ишни тўлалигича тасарруф қила олмайсиз. Дуодаги сизнинг насибангиз – ибодат ва хорликдир. Чунки, сиз дуо қилаётганингизда қоим қилган сабабларингиз бирор ишга қодир бўлмайдиган башарнинг сўраши каби бўлади. Шу сабабли ҳам сиз барча нарсага қодир бўлган ва жамики нарсаларга Молик бўлган Зотдан сўрайсиз. Доримий ва Байҳақий ривоятида: «Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган энг афзал савобни бераман», дейилган. Ўзимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга ўргатган нарсаларини ўргатайлик. Дарҳақиқат, Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Агар қадр кечасига етишадиган бўлсам, нима деб дуо қилайин?” деб сўрадилар. Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизга барча яхшиликларга қиёс қилса бўладиган нарсанинг таълимини бердилар. У зот: “Ё Аллоҳ! Сен Афуввсан. Сен афв қилишликни суясан, бизни афв қилгин!”, дедилар. Афвдан кўра яхшироқ нарса бормикан?! Йўқ, албатта! Ҳадеб “Буни бер”, “Буни бер” дейишликдан сақланиш керак. Чунки, бу сабабли “Инсон яхшиликка дуо қилгани каби, ёмонликка ҳам дуо қилади. Албатта, инсон шошқалоқдир” ояти остига кириб қолиш мумкин.

Кимки “Мен Роббимга дуо қилдим, У зот дуоимни ижобат қилмади”, деса, биз унга айтамизки: “Ақлсизлик қилманг. Сиз талаб қилган нарсангизни ижобат қилинмаслигининг ўзи бир яхшиликдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган вақт сизга яхшиликни беради”.

Аллоҳ таоло жамиятда баъзи бир нарсаларни ундан сенга зарар етишлиги мумкин бўлганларини кўрсатди. Сабаби сенинг дуоингни ижобат қилмаслик – яхшиликнинг айни ўзи эканлигини билдиришликдир. Шунинг учун ҳам дуонинг шартлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни покиза ризқ талаб қилишликка бошлаганлар.

Ҳадиси шарифда келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сўнг бир кишини зикр қилдилар: “Сочлари тўзиб, чанг-ғубор босган ва қўлларини осмонга кўтариб, “Ё Роббим, ё Роббим” деяётган киши. Ҳолбуки, ейдиган ўрни ҳаром, ичадиган ўрни ҳаром, киядиган кийими ҳаром ва ҳаром билан ўралган киши. Унга қаердан ҳам (дуоси) ижобат бўлсин?!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга инсоннинг дуоси қай тарзда фасод бўлишлигини таълимини беряптилар. Хулоса қилсак, дуо икки ўринда ижобат бўлмайдиган бўлди: биринчиси, дуо қилиш фасод бўлган кўринишда, иккинчиси эса, инсон дуо қилаётган нарсаси ўзи учун яхши деб ўйлайди аммо, Аллоҳ таоло эса унда банда учун зарар бор эканлигини билади ва бу ёмонликни бандасидан йироқ қилади. Бу Буюк ва Олий зотнинг ҳикматидир.

Яна бир жиҳат. Дуонинг ижобат бўлишлиги кечикишлиги мумкин. Чунки, У зот сенга сўраган нарсангни берса, бу фоний дунёда сизга вақтинчалик яхшилик вазифасини бажарадиган нарсани берган бўлади. Ҳолбуки, У Зот сени яхши кўради. Шу боис ҳам дуоингни боқий охиратга кечиктиради. Бу фақатгина хос кишилар етишадиган етукликдир. Бу ерда яна бошқа бир етуклик бор: модомики, дуода хорлик ва бўйсуниш бўлар экан, Аллоҳ таоло сенга ҳадиси қудсийда келган нарсани йўллайди:

“Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб (кайфиятсиз), шундай дейди: “Ким менга дуо қилади, дуосини ижобат қиламан? Ёки сўрайди, сўраган нарсасини бераман”. Сўнг яна: “Ким (ўзини) маҳрум қилмасдан ва зулм қилмасдан қарз (яъни, бу ерда Аллоҳ таоло тоат-ибодатни назарда тутмоқда) беради?”, дейди”.

Албатта, инсон ўзи яхши кўрган нарсаларини сўрашликка боғлангандир. Ҳар қачон сўраган нарсаси унга тақдим қилинмаса у “Ё Роббим” деб нидо қила бошлайди. Аллоҳ таоло бандасини мана шундай дуо қилишлигини яхши кўради. Аллоҳ таоло айтадики: “Бандаларим орасида дуоларини яхши кўрадиганларим бор. Мен уларни “Ё Роббим” дейишликлари учун синовга йўллайман”. Мўмин кишининг дуодан бўлган насибаси уни ижобат бўлишлиги эмас! Балки Аллоҳ таоло айтган сўзидир:

قُلْ مَا يَعْبَؤُاْ بِكُمْ رَبِّي لَوْلاَ دُعَآؤُكُمْ      [الفرقان: 77]

“Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас” (Фурқон сураси 77-оят).

Рубубият ва марбубиятнинг маъноси сен доимо “Ё Роббим” деб эътироф этишлигингдир. Бир масал келтирсак – Аллоҳ таоло энг олий масалга лойиқ зот – Ота ўғлига ҳар ой кундалик ҳаражатлари учун пул беради. Ўғил бир ойлик кундалик ҳаражатларини қоплайдиган пулни олгандан сўнг, бир ой давомида отаси билан алоқаси озайиб, уни кўришликка ҳам қизиқмаслиги мумкин. Аммо, ота ўғлига кундалик ҳаражатларини ҳар кунлигини бериб борса, ўғил отасини кутиб бошлайди. Отаси озгина кечиктирадиган бўлса, ўғил отасини эшик олдида кутиб тураверади. Ота ўғлини кўришлик учун эҳтиёжи бор нарса билан ўзига боғлайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуонинг ижобат бўлишлиги учун шартларни белгилаб қўйган. Бу шарт – Аллоҳ таоло бандасини чорлаган пайтда банда ҳам У зотнинг чақириғига ижобат қилишлиги керак. Мана шу ҳолатда банда дуосининг ижобат бўлишлигига лойиқ бўлади. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтадики: “Кимники, мени зикр қилишлик мендан сўрашликдан машғул қилиб қўяётган бўлса, унга сўрагувчиларга берадиганимдан афзлини бераман”.

Бунинг мисоли: Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланаётган пайтда, Жибрил алайҳиссалом у зотга: “Бирор эҳтиёжингиз борми?” дедилар. Эҳтиёжлари бор эканликларини инкор қилмадилар ва балога беписанд ҳам бўлмадилар. Жибрил алайҳиссаломга: “Аммо, сизга эҳтиёжим йўқ” дедилар. Тўғри, у зотнинг эҳтиёжлари бор эди, аммо, Жибрил алайҳиссаломга эмас эди. Чунки у зот куйдириш сифати ила яратилган оловдан нажот топишликларини билардилар. Бу иш махлуқотлардан бирортасининг қўлидан келмайдиган, аммо, бунга қодир зот фақатгина ушбу оловни яратган зот эканлиги равшан эди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом Жибрил алайҳиссаломга: “Аммо, сизга эҳтиёжим йўқ” дедилар. “Ҳолатимни кўриб, сўраб ҳам ўтирмади” (мақол), Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди:

قُلْنَا يا نَارُ كُونِي بَرْداً وَسَلَاماً عَلَى إِبْرَاهِيمَ    [الأنبياء: 69]

“Айтдик: Эй, олов. Иброҳимга совуқ ва саломатлик бўлгин” (Анбиё сураси 69-оят).

Имом Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олайлик, бир киши у зот бетоб бўлганларида, зиёрат қилишлик учун келди. У зотни оҳ-воҳ қилаётганини кўриб, “Сиз Абулҳасан бўла туриб, оҳ-воҳ қилаяпсизми?” деди. Шунда у киши: “Мен Аллоҳ таолога шижоат қилмайман” дедилар.

Ундай бўлса, Аллоҳ таолонинг “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар” деган каломига келсак, ижобат бўлишлик учун манҳаж бўлишлиги зарур эканлигини билдиради. “Иймон келтирсинлар” яъни, Аллоҳ таолони Ҳаким илоҳ деб, иймон келтиршлик зарурдир. Чунки, ҳар бир сўраган кишига дуоси ижобат бўлавермайди. Чунки, Илоҳлик ҳар бир сўровчига у учун яхши бўлган нарсани берадиган ҳикматни тақозо қилади. Бу яхшилик сўрагувчининг эмас, балки, дуони ижобат қилувчининг қиёсига кўра яхши бўлишлиги керак.

Аллоҳ таоло ояти карима якунида “Шоядки тўғри йўлни топсалар”, деб таъкидлаяпти. Хўш, “Тўғри йўлни топсалар” нинг маъноси нима? Маъноси: яхшилик йўлини, энг тўғри йўлни топишликдир.

Ушбу ояти карима “Рамазон унда Қуръон инсонлар учун ҳидоят қилиб, нозил қилинган (ой)дир” оятидан сўнг келган. Бу бизга баён қиладики, рўза тутиб, покланган инсон дуоси ижобат бўлишлиги учун лойиқ бўлади. Бу дуодан насибанг дуонинг ижобат бўлишлиги эмас, балки, унда ибодат борлигидир.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойига етказсин! Рамазон ойида покланиб, дуоси ижобат бўладиган, Роббиларининг даъватига ижобат қилган мўминлар ва Аллоҳ таолога яқин бандалар қаторидан қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий роҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Шаъровий» асаридан

Абдуссамиъ Эргашев таржимаси

 

П'ятниця, 15 май 2020 00:00

Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

П'ятниця, 15 май 2020 00:00

Тараққиётга таҳдид

Инсоният тамаддуни тараққий этишида бир неча омиллар сабаб бўлади. Булар ичида тинчлик ва барқарорлик асосий ўрин эгаллайди. Бугун инсоният тақдири ва тараққиётига таҳдид солаётган экстремизм,  терроризм барча давлатлар бир ёқадан бош чиқариб курашиши зарур бўлган иллатга айланди. Бузғунчи ғояларнинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамияти бошига оғир кулфатлар солиб келган. Бундай қора кучлар тажовузидан ҳар йили 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, ўрнини тўлдириб бўлмас мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда.

Муқаддас динимиз таълимотларида “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш”лар мутлақо қораланган ва мусулмон кишилар бундай амаллардан қайтарилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд сураси, 112-ояти).

Динимизда ғулувга кетишнинг бир қанча ёмон оқибатлари бор. Аввало, бу инсоннинг ақидаси бузилишига сабаб  бўлади. Тарихда динда ғулувга кетиш оқибатида рофизийлар, хорижийлар, мўътазила сингари тоифалар юзага келди.

Рофизийлар Пайғамбар алайҳиссалломдан сўнг халифаликка муносиб, деб фақат Али розияллоҳу анҳудан ва унинг авлодларидан бошқани тан олмади. Кейин улар яна бир қанча тоифаларга бўлинди. Рафовиз сўзи инкор қилувчи, рад этувчилар деган маънони англатади. Рофизийлар ғулув сабабли аҳли сунна вал жамоадан чиққанлар.

Хаворижлар эса ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

Мўътазила тоифаси Аллоҳ таолонинг зотида ғулувга кетиб, сифатларини инкор қилдилар. Хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомга қарши чиқишига йўл очдилар. Улар раҳбарга қарши чиқишга тарғиб қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бундай дейдилар: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бугун ёшларимизни имон-эътиқодини мустаҳкам, иродаси бақувват, ўз мустақил фикрига эга қилиб тарбиялаш асосий вазифамиз бўлиши керак. Уларнинг тафаккурига динимизнинг соф таълимотлари, асрлар оша сайқалланиб келаётган муқаддас қадриятларимиз, ўзлигини унутмаслик каби фазилатларни сингдириб боришимиз зарур.

Муҳаммадяҳё ЭМИНОВ

Тошлоқ тумани бош имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан

П'ятниця, 15 май 2020 00:00

Фитр садақаси

Фитр садақаси нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга ҳур ва мусулмон бўлган кишилар учун ҳайт тонгида адо қилиши вожиб бўлган садақадир. Фитр садақасининг вожиб эканлигида ўзига хос ҳикматлар бор.  

عن ابن عباس قال فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر طعمة للمساكين وطهرة للصيام من اللغو والرفث فمن أدى قبل الصلاة فهي زكاة مقبولة ومن أداها بعد الصلاة فهي صدقة من الصدقات رواه أبو داود و الدارمي

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни ҳайт намоздан олдин адо қилса, у мақбул садақадир. Ким уни ҳайит намоздан кейин адо қилса,  садақалардан бир садақани бўлади”-дедилар. Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.

Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасининг ҳукмини ва унинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади. 

Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди” -дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам  фитр садақасини бериш вожиб бўлади. 

Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.  

 Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.

  1.    Ҳур бўлиш.

Фитр молявий ибодатлардан бўлгани учун ҳур бўлмаган кишиларга вожиб бўлмайди. Чунки қулнинг мол-мулки бўлмайди. Балки, қул хожасининг мулки бўлади. Агар хожасига фитр садақа вожиб бўлса, хизмат қилиб турган қулнинг ҳам фитр садақасини бериш хожасига вожиб бўлади.

  1.    Мусулмон бўлиш.

Фитр садақаси ибодат ва у билан қурбат (савоб) ҳосил бўлади. Ибодатларнинг тўғри бўлиши учун холис Аллоҳ учун деган ният бўлиши лозим. Бундай ният эса фақат мусулмон кишидангина дуруст бўлади.

  1.    Нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлиш.

Фитр садақаси молявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.

عن أبي هريرة: لا صدقة إلا عن ظهر غني رواه أحمد 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам садақа бойликни орқасидан вожиб бўлади” –деди. Имом Аҳмад ривоят қилади.

Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақни вожиб бўлиши бой бўлган, маълум бир моддий қуввати бор кишига вожиб бўлишини баён қилмоқда. Ислом дини енгил, унинг молявий ибодати ҳам енгил бўлиши керак. Садақани енгил адо қилиниши маълум миқдордаги нисобга эга бўлгандан кейин бўлади.

Аммо шу нарса билиш керакки, закотнинг нисоби бошқа, фитр садақасининг нисоби бошқа. Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисобига эга кишига ўзининг ва балағотга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балағотга етган фарзандининг ва балағотга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. Шунингдек қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.

Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.

 

 Жалолиддин Холмўминов

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Янгиликлар

Top