www.muslimuz

www.muslimuz

Ислом дини доимо инсонни фақиру мискинларга, етим-есирларга моддий ва маънавий ёрдам қилишга чорлайди. Динимиз бундай хайрли ишларни амалга оширганлар учун бу дунёда ҳам охиратда ҳам улкан ажр ва яхшиликлар борлигини эслатади.
Халқимиз азалдан саховатли, меҳмондўст ва етимпарварлиги билан эътироф этилади. Бу гўзал инсонийлик бугунги кунимизда ҳам ҳалқимиз томонидан давом эттириб келинмоқда. Ҳозирги кунда давлатимиз қариялар, ногиронлар ва меҳрибонлик уйларини моддий ва маънавий таъминотларини ўз ўрнига қўйиб, эътиборга олаётган бўлса-да, ўз навбатида халқимиз ҳам бу каби ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ана шундай савоб ва баракаларни умид қилган ҳолда биз дин пешволари куни кеча шаҳримиздаги меҳрибонлик уйларидан бирига бориб, синиқ кўнгилларни бир оз бўлсада шод этишга ҳаракат қилдик.
Муборак Қурбон ҳайити арафасида яқинлашаётган 2019-2020 ўқув йили муносабати билан ҳайитлик сифатида меҳрибонлик уйида яшовчи ўғил-қизларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда ўқув қуроллари тарқатдик.
Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири мўминлар қалбига хурсандчилик бағишлаш”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади.
Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг кўриниши бўлган бу каби хайрли ишлар юртимизда ёш авлодга бўлган эътиборнинг янада равнақ топаётганидан далолатдир, десак муболаға бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни бундай хайрли ишларни қилишда бардавом айласин.

 

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,
Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани
бош имоми-хатиби

Середа, 07 августь 2019 00:00

11.08.2019 й. ИЙДИ ҚУРБОН МУБОРАК!

بسم الله الرحمن الرحيم

ИЙДИ ҚУРБОН МУБОРАК!

Муҳтарам жамоат! Аввало Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яна бизни шундай улуғ кунларга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказди! Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир. Бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити нишонланмоқда.

Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлган:

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ ...   (سورة الحج/36)

яъни,(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир”  (Ҳаж сураси, 36-оят).

Яна бир ояти каримада шундай баён қилинган:

 

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ   (سورة الكوثر/2).

яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Фуқаҳоларимиз қурбонликни таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус  ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонликни тарихи Иброҳим алайҳиссаломга боғлиқ бўлиб, қуйида шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз:

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни жуда яхши кўрардилар. Чунки ўғиллари Аллоҳ таолога ва ўз отасига жуда итоаткор эди. Иброҳим алайхиссалом нима десалар, “Хўп бўлади отажон!” - деб айтганларини қиларди. Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайхимассаломларни имтиҳон қилмокчи бўлди. Нима учун? Одамлар уларнинг имонлари қай даражада кучли эканини кўрсин ва улардан ўрнак олишлари учун.

Бир куни Иброҳим алайхиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари ваҳий бўлади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажариш лозим эканини билар эдилар. Исмоил алайҳиссаломга дедилар:

- “Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?”

Ўғиллари ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:

- “Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан”.

Иброҳим алайхиссалом ўғилларини етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. “Мино” деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайхиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади. Сабаби, Аллоҳ пичоққа “Кесмагин!”, – деб буйруқ бериб қўйган эди. Ушбу қиссани Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилган:

فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ   فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ    فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ    وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ    إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ    وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ    (سورة الصافات/101-107).

яъни:Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин! – деган эди, у айтди: Эй, отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга Биз нидо қилдик: Эй, Иброҳим! Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик (Соффат сураси, 101-107 оятлар).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик Иброҳим алайҳиссалом бошлаб берган амаллига ҳақида шундай деганлар:

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، مَا هَذِهِ الأَضَاحِىُّ؟ قَالَ: "سُنَّةُ أَبِيكُمْ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ"، قَالَ: قُلْنَا: فَمَا لَنَا فِيهَا؟ قَالَ: "بِكُلِّ شَعَرَةٍ حَسَنَةٌ"، قَالَ: قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، فَالصُّوفُ؟ قَالَ: "بِكُلِّ شَعَرَةٍ مِنَ الصُّوفِ حَسَنَةٌ" " (رواه الإمام أحمد والإمام الطبراني).

яъни: Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз: “Эй Аллоҳнинг Расули қурбонликнинг ҳақиқати нима?”, деб сўрадик. У зот: “Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати”, дедилар. Биз: “Ундан бизга нима наф бор?”, дедик. У зот: Ҳар бир тук эвазига битта савоб”, дедилар. Биз: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?”, дедик. У зот: Юнгдаги ҳар бир тук учун битта савоб”, дедилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган).

Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخاري).

яъни: Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳурматли жамоат! Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зурҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг яъни, бугун, эрта ва эртадан кейинги куннинг Шом намозини вақти киргунигача қилинади. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар  камида беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.

Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келган:

 عن عثمانَ رضى الله عنه  قال: "فِيْ عَامِ الْحُدَيْبِيَّةِ ذَبَحْنَا مَعَ سَيَّدِنَا رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم اَلْإِبْلَ عَنْ سَبْعٍ وَالْبَقَرَ عَنْ سَبْعٍ" (رواه الإمام مسلم والإمام الترمذي).

яъни: “Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан ва бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).

Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланиши керак.

Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, озғин, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.

Қурбонлик қилинган ва умуман ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам оққан қони, безлари, сийдик қопи, ўт қопи, жинсий аъзоларини ейиш ҳаром.

Қурбонлик гўштининг учдан бирини – оила аҳлига, учдан бирини –қўшниларига, қолганини – муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.

Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ   (سورة الحج/37).

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан.

Азиз жамоат! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни яна ҳам кучайтиришимиз айни муддаодир. Шунингдек, бу муборак кунларда ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб, ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш байрам кайфиятига янада қувонч бағишлайди.

Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
"مَا مِنْ أَيَّامٍ اَلْعَمَلُ الصَّالِحُ فِيْهَا أَحَبَّ إِلى اللهِ، مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ" (رَوَاهُ الإمامُ البُخاري).

яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклироқдир” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَيْسَ الْمُؤْمِنُ الَّذِي يَشْبَعُ وَجَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ" (رواه الإمام الحاكم).

яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Русулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи тўқ бўлатуриб, ён қўшниси оч бўлган киши комил мўмин эмас”  (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, атрофимиздаги қурбонлик қилишга қодир бўлмаган қўни-қўшниларимизни аҳволларидан хабар олиб, уларга қурбонлик гўштларидан ҳам улашишимиз имонимизни янада мукаммал қилувчи омил экан.

Азиз жамоат! Мана жонажон юртимизга Қурбон ҳайити ҳам хотиржамлик ва осойишталикда кириб келди. Юртимиз бўйлаб бу байрам жуда катта тайёргарлик ва ўзига хос тарзда, кўтаринки кайфиятда кутиб олинишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайлидир. Зеро, дунёвий ишларнинг ҳам бир маромда кетиши, охират ишларининг ҳам мукаммал ва ҳаловат билан адо этилишида тинчлик ва хотиржамлик неъматининг ўрни беқиёсдир.

Бугунги кунда баъзи мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида  хузур-ҳаловатини йўқотганини, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз  юмаётганини, киндик қони тўкилган ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг Ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган “тинчлик” дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматни қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш –барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

 

مَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ    (سورة النّمل/40)

 

яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”. (Намл сураси, 40-оят).

Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши – энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. “Тинчликни асраш” деганда фақат қурол билангина эмас, балки керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

Дарҳақиқат, инсон учун берилган неъматларнинг ичида энг улуғи – тинчлик ва хотиржамлик эканлиги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадисларида баён қилинган. Жумладан:

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللَّهِ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فِي سِرْبِهِ مُعَافًى فِي جَسَدِهِ عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا" (أَخرَجَهُ الاِمَامُ التِّرمِذِي فيِ سُنَنِهِ).

яъни: Салама ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлардан кимки ўз уйида хотиржамликда тонг оттирса, тан-жони соғ бўлса, ўша кундаги егувлиги бўлса, гўёки унда бутун дунё неъматлари жамланибди” (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган).

Маълумки, дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган 7200 дан ортиқ ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – ҳаж ибодатини бажаришга киришишди. Улар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби муборак жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуолар қилишяпти. Аллоҳ таоло барчаларининг дуоларини ижобат айлаб, юртимизга тинч-хотиржам, соғ-саломатлик етиб келишларини насиб айласин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

Muslim.uz сайти ижодкорлари томонидан Ислом динининг беш устунидан бири бўлган намоз ўқишнинг тартиб-қоидаларини Ҳанафий мазҳаби бўйича тушунарли қилиб, матнли ва овозли шаклда баён этишни режалаштирилди.
Шунингдек, имон ва ислом шартлари, Аллоҳнинг сифатлари, масжид одоблари, таҳорат, ғусл таяммум тартиблари, энг фазилатли дуолар ҳақида қисқа ва муҳим маълумотлар тақдим этилади. Ушбу маълумотлар “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган “Мен ҳам намоз ўқийман” номли китоби асосида тайёрланади.
Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли ишни муваффақиятли ва мўмин-мусулмонларимиз учун манфаатли қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 06 августь 2019 00:00

Қабр зиёратида бажариладиган 11 амал

  1. Ниятни тўғрилаш, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш.

 

  1. Таҳоратли бўлиш.

 

  1. Дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйлаш.

 

  1. Зиёратгоҳда виқор билан сокин юриш.

 

  1. Қабр аҳлига бундай салом бериш:

“Ассаламу алайкум, йа аҳлал-қубур. Йағфируллоҳу лана ва лукум, антум салафуна ва наҳну бил-асар”

“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли! Аллоҳ бизни ва сизларни мағфират этсин. Сизлар биздан олдин келгансиз, биз ҳам сизнинг ортингиздан келамиз”.

 

  1. Қабрни сийпаш, ўпиш ва айланиб тавоф қилишдан узоқ бўлиш.

 

  1. Қабр бошида “Ёсин” сурасини ўқиш.

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир сўз ва ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Ихлос сурасини ўқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кириб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади”, деганлар (Имом Дорақутний ривояти).

 

  1. Марҳумнинг яхши сифатларини эслаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтишга зарурат туғилса, тасбеҳ, таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтиш.

 

  1. Зиёратдан ваъз-насиҳат олган ҳолда қайтиш.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Англиянинг Ливерпул футбол клуби юлдузи бўлган Муҳаммад Салаҳ Макка шаҳрига етиб келди. Францияда ўтадиган ёзги тайёргарлик йиғинига қўшилишдан аввал футболчи Умра зиёратини амалга оширган. Бу ҳақда «Аль-Арабия» нашри хабар берди.

Футболчининг зиёрат пайтида олинган расмлари ижтимоий тармоқларда оммалашган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top