muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида 26-29 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегациянинг Ўмонга амалий сафари ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташриф давомида мамлакатимиз вакиллари Ўмоннинг Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаменти раиси Ҳамад ал-Давяни билан учрашди.
Унда икки томонлама илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Ўмон томони учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.

Департамент раиси Ҳамад ал-Давяни сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз бой маданий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифат ва диний бағрикенглик таълимотини кенг ёйиш бўйича амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларни Ўмон томони юқори баҳолашини таъкидлади.

Мулоқот натижасида томонлар Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олдилар.

Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари, Ўмон Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаментида нодир қўлёзма ва ҳужжатларни сақлаш, зарарланган саҳифаларни реставрация қилиш, шунингдек, қўлёзма ва тошбосма асарларнинг фотомоделларини яратиш, султонликда кечган тарихий жараёнлар шоҳидлари ҳикояларини видеотасмаларга тушириш жараёнлари билан танишдилар.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Ўмон миллий музейига борди. Музейда Ўмон тарихи, жумладан, исломий мерос ҳақида ҳикоя қилувчи коллекциялар ҳамда уларни намойиш этиш услублари билан танишдилар. Музейшунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари мамлакатимиз илмий жамоатчилиги Ўмон султони девони ҳузуридаги Султон Қобус маданият ва фан маркази раиси Ҳабиб ал-Риями билан музокаралар ўтказди.

Ҳабиб ал-Риями 2018 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биносининг очилиш маросимида мамлакат делегацияси таркибида иштирок этганини билдириб, султонлик раҳбарияти Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, илмий анжуманлар ўтказиш ва ўқув грантларини ажратиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.

Абдураҳмон Жомий

Юртимиз равнақи ва динимиз ривожи йўлида фидокорона меҳнати, ёш авлодни тарбиялашда, диний-маърифий ишлар самарасини оширишга муносиб ҳисса қўшаётгани, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби Исмоилжон Муҳаммад Содиқ ва доктор Саййид Раҳматуллоҳ Термизий «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти томонидан «Фахрий устоз» даражаси билан тақдирланди.

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади:

«Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Аллоҳ таоло жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ато қилсин, барча хайрли ишларида Ўзи тавфиқ ва офият берсин.

«Кўкалдош» ЎМИБЙ
Матбуот хизмати

Бугун, 4 сентябр куни Андижон шаҳридаги "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юртида "Вақф" хайрия жамоат фонди Андижон вилоят филиали томонидан ҳомийлар билан ҳамкорликда Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами ҳамда 2023-24 ўқув йили бошланиши муносабати билан 200 дан зиёд мударрис-ходимлар ва талабалар учун ош дастурхони ёзилиб, устоз ва толиби илмлар дуолари олинди.

"Вақф" фонди
Матбуот хизмати

Бугун, 4 сентябрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида янги ўқув йилининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда билим юрти ўқитувчилари, талаба ёшлар, ишчи-ходимлар ва фахрий диний соҳа ходимлари қатнашди.

Давлат мадҳиялари янграгандан сўнг тадбирни билим юрти мудири Ш.Баҳоуддинов очиб, ўқитувчи ва талабаларга яқинда кўтаринки руҳда ўтказилган Мустақиллик байрами муносабати ва бошланаётган янги ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг табригини етказди.

– Кечагина муҳтарам Президентимиз байрам табригида таъкидлаганидек, «Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало, илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда», дея талабаларга илм-билим олишда куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг "Ардоқли нуроний" кўкрак-нишони соҳиби Қ.Иманалиев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлаб, вақтни қадрига етиб, ёшлик чоғлардан унумли фойдаланиш, илм олишда жидду жаҳд қилиш лозимлигини айтиб ўтди.

Кейин талабалар дарсхоналарига кириб, гуруҳ раҳбарлари томонидан тайёрланган «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун» шиори остида «Мустақиллик дарси» бўлиб ўтди.

Дарсда билим юртининг барча босқич талабаларига дастур асосидаги слайд ва видеороликлар қўйилиб, улардан олинган хулосалар биргаликда фикрлашилди.

Шунингдек, дарсда кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар, диний-маърифий соҳада эришилган натижалар, ижобий ўзгаришлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Билим юрти матбуот хизмати

- Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

- Шу кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида мазкур қарордаги айрим жиҳатлар бўйича шахсий қарашларга асосланган нотўғри талқинлар тарқалмоқда.

- Аслида, мазкур қарор асосида эндиликда мамлакатимизда хусусий сектор томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш имконияти яратилаётгани келтирилган.

- Унга кўра, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади:

-100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;

-“Умра” хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

-“Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

-“Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

-“Умра” хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.

- 2023 йил 1 октябрдан “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Баҳолаш тизими Туризм қўмитасининг махсус сайтида эълон қилиб борилади.

-Қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланилади.

- Шу ўринда, муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: Қарордаги “Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, бироқ мазкур жиҳатни турли ассоциация ва ваколатга эга бўлмаган шахслар томонидан шахсий қарашга асосланган ҳолда нотўғри талқин қилиниши – одамларни чалғитишга сабаб бўлмоқда.

- Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли қарорига мувофиқ “Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш таъқиқланади.

- Ўз навбатида, мазкур қарорни шарҳлаш ва шахсий қарашни оммага сингдириш турли ассоциация ва шахсларнинг ваколатига кирмаслигини маълум қиламиз.

 Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Янгиликлар

Top