Рамазон-2018

Рўзани улаб тутиш макруҳ амал

«Рўзани улаб тутиш» деганда ифторлик ва саҳарлик қилмай икки ва ундан ортиқ кунда рўза тутиш тушунилади. Бу иш инсонга қийинчилик келтиради ва рўза тутиш мобайнида жисмонан заифлашишга сабаб бўлади. Улаб тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида содир бўлган бўлса-да, кишиларга тоқатлари етмаслиги боис бундай қилмасликни тавсия қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳий қилдилар. Шунда одамлар: «Сиз улаб тутасиз-ку, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Сизларнинг қай бирингиз менга ўхшайсиз?! Мени тунда Роббим таомлантиради ва сероб қилади», дедилар. Бас, қачонки, улар улаб тутишдан тўхташдан бош тортган эдилар, улар билан бир кун улаб тутдилар, сўнг яна бир кун улаб тутдилар, кейин эса (Шаввол) ҳилолини кўриб қолдилар. Ўшанда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам худди уларга иқоб берувчидек бўлиб: «Агар (ҳилол) кеч қолганида, сизларга яна зиёда қилар эдим», дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан ҳазир бўлинглар», деб икки марта айтдилар. «Сиз ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейилди. У зот: «Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени таомлантирур ва сероб қилур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни такаллуф қилинглар», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, рўзани улаб тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳисобланиб, саҳобаларни бундай қилишдан қайтарганлар. Ушбу қайтариш умматга шафқат ва раҳмат сабабидан бўлгани сабабли, кўпчилик уламолар наздида улаб тутишнинг ҳукми макруҳ саналади. Шофеийлар наздида эса ҳадисда маън қилингани ва заифликка сабаб бўлгани учун ҳаром ҳисобланади[1].

Бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш, уни кечанинг охирига суриш, қуёш ботиши билан намоздан олдин тезда ифторлик қилиш, ширин ва хўл нарса ила оғизни очиш рўзанинг мустаҳаб амалларидан саналади.

Саҳарлик инсон кечанинг охирги қисмида ейдиган ёки ичадиган нарса бўлиб, саҳар вақти яъни туннинг охирида ейилгани учун саҳарлик деб номланган[2]. Кўплаб ҳадиси шарифларда саҳарлик қилишга тарғиб этилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар (Бухорий ва Термизий ривояти). Шунинг учун ҳам рўзадор саҳарлик қилишга одатланмоғи лозим. Қуйидаги ҳадисда эса саҳарликнинг яна бир фазилати зикр қилинган.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир», дедилар» (Муслим ривояти). Яъни бизнинг ва уларнинг рўзаси орасидаги фарқ ва ажратувчи жиҳат саҳарлик бўлиб, улар саҳарлик қилмайдилар, биз учун эса саҳарлик қилиш мустаҳаб саналади[3].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан саҳарлик қилиб, уларга намуна бўлганлар ва таомланишга оид тавсиялар берганлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди. «Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим. «Эллик оят миқдорича», деди (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Насаий ва Абу Довуд ривоятларида: «Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган. Абу Довуднинг бир ривоятида: «Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик», дейилган. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши саҳарлик қилишни канда қилмаслиги ва иложи бўлса хурмо билан оғзини ёпиши афзал ҳисобланади.

Қуйидаги ҳадисда саҳарликнинг асл фойдаси ва мустаҳаб саналиши сабаби баён қилинган.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар таомидан кундуз рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар», дедилар (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривоят қилишган). Демак, саҳарлик рўза учун, кундузги уйқу тунги намоз учун қувват бўлар экан. Киши хаддан ташқари жисмонан толиқиб қолмаслиги ва бунинг натижасида ибодат ҳаловатидан маҳрум бўлмаслиги учун ушбу кўрсатмаларга амал қилиши лозим.

Ифторлик ҳам рўзадаги мустаҳаб амаллардан саналади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дедилар» (Термизий ва Аҳмад ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилар ва қиш кунлари хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув ичар эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

 Вақт кириши билан оғизни очиш нафсни бир оз қондириб олишга хизмат қилади. Саҳарлик қилишдан мақсад эса рўза учун тайёргарлик кўриб олиш бўлиб, бирор нарса танаввул қилмай рўза тутган киши кун давомида қийналиб қолади. Инсон ўзини қийинчиликка қўйиши ва ортиқча машаққат келтирадиган ҳолатларни ўйлаб топиши лозим эмас. Барча соҳалардаги каби рўза тутиш борасида ҳам шариат ҳукмларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига бўйсунишимизни ва ибодатларни буюрилганидек мукаммал адо этишимизни Аллоҳ таоло насиб этсин! 

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси

Турсуной Исамуҳамедова

 

[1] Ваҳба Зуҳайлий. Мавсуатул фиқҳул исламий вал қозоял муосара. -Дамашқ: Дорул фикр, 2010. - Б. 559.

[2] Ибн Манзур. Лисонул араб. - Байрут: Дору содр, 1968. - Б. 351.

[3] Яҳё ибн Шараф Абу Закарийё Нававий. Шарҳи Нававий ала Муслим. - Ливан: Дорул Хойр, 1996. - Б. 169.

Read 56967 times

Янгиликлар

Top