Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ҳожиларининг Муҳтарам Президентимизга йўллаган мактублари ўқиб эшиттирилди

Аввал хабар берганимиздек, айни дамда юртимиз ҳожилари Арафот майдонида бўлиб туришибди. Ҳадислардан маълумки, бу кун Арафотда қилинган дуолар мустажоб бўлади. Ана шу фурсатларни  ғанимат эканини англаган зиёратчиларимиз кўзларида ёш, чин ихлос ила дуолар қилишмоқда. Вакилимизнинг Арафот майдонидан хабар беришича, бир неча дақиқа олдин, Ўзбекистон ҳожиларининг Муҳтарам Президентимизга йўллаган мактубларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан ўқиб эшиттирилди. Қуйида ушбу мактубни тўлиғича келтирамиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

Муҳтарам Президент Жаноби олийлари,

 

Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини чин ихлос ва имон-эътиқод билан адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар она диёримизнинг келажаги буюк, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраб дуолар қилмоқдамиз.

Тараққиётимизнинг янги даврида динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар берилаётгани, хусусан, она-Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратилаётган қулай имкониятлар Сизнинг ўз халқингизга бўлган ғамхўрлигингизнинг ёрқин намунасидир. Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ва умра ибодатларини қулай шароитларда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг яққол ифодасидир.

Шу кунларда 7200 нафар юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Табаррук ёшдаги нуронийларимиз ҳам муборак сафарда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар.

Миллий ва диний қадриятларни равнақ топтиришга кўрсатаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлигингиз туфайли юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг қадамжолари обод этилиб, бой илмий-маънавий мерослари ўрганилаётгани, халқимиз бундай дурдона асарларни ўқиб-ўрганиб, юксак маънавий озиқ олаётгани, барчамизни чексиз қувонтирмоқда.

Муқаддас заминда ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, биз – ўзбекистонлик ҳожилар шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатамиз, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз, иншаоллоҳ.

Айни кунларда диёримизда қўшалоқ байрам – Қурбон ҳайити
ва Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини нишонлаётганимизнинг замирида ҳам жуда катта ҳикмат бор.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар Арафотда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз.

 

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси,

2018 йил 20 август

Read 3333 times

Янгиликлар

Top