Ўзбекистон янгиликлари

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити бошланди
Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” сайёҳлик зонасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлиси бошланди.
 
01.JPG
 
ЎзА мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади
Туркманбоши шаҳри, 24 август.
 
Президентлар аввал тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков иштирок этди.
 
Мажлисда жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш, бу борада Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
 
1a0d2be5-c87d-4bf1-5ff1-cf8dec72e15e.jpg
 
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳамкорлигида Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозга барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида тузилган минтақавий ташкилотдир. Таъсисчи давлатлар ушбу жамғармага галма-гал уч йил муддатга раислик қилади ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари навбати билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Президенти этиб сайланади. 2017 йилдан 2019 йилгача жамғармага Туркманистон раислик қилмоқда.
 
Таъкидлаш жоиз, мазкур саммит жамғарманинг 2009 йили Тошкентда ўтган тарихий мажлисидан сўнг ташкил этилаётгани билан аҳамиятлидир. Таъсисчи давлатлар раҳбарларининг Тошкент учрашувида минтақада экологик ҳалокатнинг олдини олиш йўлида муҳим саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган эди.
 
Оролбўйи минтақасидаги экологик вазият ўнглаб бўлмайдиган ҳолатга келган, унинг салбий таъсири тобора кенгайиб бораётган бугунги шароитда давлат раҳбарларининг ижтимоий, иқтисодий, экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳамфикрлилиги алоҳида аҳамият касб этади.
 
Ўтган даврда ОҚХЖ доирасида минтақада мураккаб сув хўжалиги масалаларини ҳал этиш, сув тақсимоти, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини биргаликда бошқариш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик борасида қатор шартномалар ҳамда битимлар имзоланди.
 
Ўзбекистон Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг миқёсли лойиҳаларни амалга оширди. Орол денгизи қуриган 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етди.
 
Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2013 – 2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.
 
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшилаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
 
Учрашувда Марказий Осиёда сув соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани, минтақа мамлакатларида сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, сувни тежаш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилашда Марказий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, Оролбўйи ҳудуди учун экологик тоза технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
 

 

ЎзА
Read 3181 times

Янгиликлар

Top