Ўзбекистон янгиликлари

Макка шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти муҳокама қилинди

Бугун, 24 август куни Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати ва Индонезиядаги “Бурҳон ал-Ҳидоя” ширкати билан индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари орқали умра зиёратини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ва мазкур ҳамкор ширкатлар раҳбарлари иштирок этди.


2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, юртимизда туризм соҳасини ривожлантишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда зиёрат туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита юртимиздаги қадамжо, зиёратгоҳ ва табаррук масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш борасида амалий саъй-ҳаракатларни жадал олиб бормоқда.


Ушбу мулоқотда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг кўламли амалий ишлар ва норматив-хуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳамда келгусида Тошкент-Жидда-Тошкент авиақатновининг йўлга қўйилиши янада кенгроқ имкониятлар эшигини очишини алоҳида қайд этилди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3226 times

Янгиликлар

Top