Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Искандария кутубхонасига Фарғоний ҳайкалини тортиқ қилади

Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳирага хизмат сафарини амалга ошираётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳайъати кеча, 26 август куни Қоҳира ислом санъати музейида бўлди. Музейнинг бош директори доктор Мамдуҳ Усмон билан учрашув ўтказилди. Музей раҳбарияти ва учрашувда иштирок этган илмий тадқиқотчиларга Ўзбекистонда тарихий-маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида республика раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ташаббусларнинг моҳияти ва мақсадлари тақдимоти амалга оширилди.

Ислом санъати музейи бош директори Марказий Осиё цивилизацияси умумисломий тамаддун занжиридаги муҳим ҳалқа эканини, Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш Ислом санъати музейи учун шараф ва айни муддао бўлишини баён қилди. Томонлар ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаш ва унга кўра маълумот, тажриба алмашиш, ходимларнинг ўзаро малакаларини ошириш ҳамда Қоҳира ислом санъати музейи ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ўртасида экспозициялар алмашиб туришга келишиб олдилар.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси Искандария кутубхонаси бош директори доктор Мустафо Эл Фэки билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида доктор Эль Фэки Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ишлардан хабардор эканини, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан аждодлар меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга ошираётган ишларни кузатиб турганини мамнуният билан қайд қилди.

«Алоқаларимиз тарихи мамлуклар ва ҳатто улардан олдинги замонларга тақалади, деди кутубхона директори. Албатта биз ҳамкорлик қилишимиз, оталар анъаналарини давом эттиришимиз керак. Биз Ўзбекистон томонининг кутубхонамиздаги машҳур кишилар тимсоллари қаторида кўриш учун Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкалчасини тортиқ қилиш ниятидан хабардор бўлдик. Ушбу улуғ олим мамлакатларимиз ва халқларимиз, тарихимиз ва маданиятларимиз ўртасида мисоли бир кўприкдир. Албатта бундай ҳадяни мамнуният билан, шараф деб билиб қабул қиламиз».

Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Искандария кутубхонаси ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзолашга келишиб олинди. Учрашув самимий ва дўстона муҳитда ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3392 times

Янгиликлар

Top