Ўзбекистон янгиликлари

Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари  Лью Кецзэ бошчилигидаги делегациянинг  Диний идорага ташрифи тўғрисида маълумот

2018 йилнинг 5 сентябрь куни Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари Лью Кецзэ бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Диний идора раиси, муфтий У.Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олиб, ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашдилар.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Диний идора фаолияти, диний таълим муассасалари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари Лью Кецзэ самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, делегация таркиби билан таништирди.

  • Лью Кецзэ – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
  • Ван Чун Ген – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
  • Ян Гуанцзюн – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
  • Дан Цзифэн – Мусулмонларни дафн маросимларини ўтказиш бўйича Пекин бошқарув бўлими директори;
  • Ма Ши Йоу – Дин ишлари бўйича канцелария мудири;
  • Ван Цзин – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;
  • Лью Йин Ци – Пекин ислом уюшмасининг Бош котиби;
  • Ша Ли – Пекин ислом уюшмаси раиси ўринбосари;

 

– Аввало барчангизга Пекин ислом уюшмаси делегациясини Ўзбекистонга таклиф қилиб, амалий ёрдам берганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Биз Сизлардан Давлат ва Дин муносабатларингиздаги тажрибангизни ўрганмоқчимиз. Пекинда 300 мингдан ортқ мусулмон яшайди. Бу мусулмонлар 10 хил майда миллатларга бўлинган.

Хитойда 156 хил миллат истиқомат қилади. Булардан 10 таси мусулмон бўлиб, 20 миллион инсон ислом динига эътиқод қилади.

Пекинда 70 та масжид ва 150 та имом бор.

Пекин ислом уюшмаси асоциациясининг жойларда 10 та филиали мавжуд. Ушбу уюшма мусулмонларга кўмаклашиб, давлатга диний масалаларда ёрдам бериб келади.

Пекин ислом уюшмасииниг бир неча бўлимлари мавжуд. Улар: Халқаро алоқалар бўлими, Маданий ишлар бўйича бўлим, Таълим ва хайрия бўлимлари.

Пекин ислом уюшмаси назорати остида Қуръони Карим тиловти мусобақалари ўтказилиб келинади.

Хитойдан йилига 14 минг нафар мусулмон ҳаж сафарига боради. Ҳаж ишларини ташкил қилишда Хитой ислом уюшмасининг алоҳида ўрни мавжуд.

Пекин ислом уюшмасининг хайрия бўлими мусулмон ва номусулмон инсонларга моддий ёрдам бериш билан шуғулланади.

Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ижтимоий-маданий, савдо-сотиқ масалаларида ҳамкорлик қилиб келишган. Буюк ипак йўли орқали икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ижобий алоқалар асрлар оша бизни боғлаб келмоқда. Ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожланиб бораётгани – бизни янада яқинлаштирмоқда.

У ўз сўзида давом этиб, “Ўзбекистондаги Ислом билан боғлиқ вазиятларни ўрганиб, бу борадаги васатийлик (ўрта йўл)ни тарғиб қилишдаги ўзимизга тажриба олмоқчимиз. Ўзбекистонда бошқа дин вакиллари ҳам мавжуд. Бунда аҳил иноқ, диний бағрикенгликни қандай йўлга қўйгансизлар?”, деб савол берди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари: “Ўзбекистонда 16 та конфессия давлат рўйхатидан ўтган. Биз бошқа дин вакиллари билан ўзаро байрамларда бир-биримизни муборакбод этамиз. Бизни исломий байрамларимизда улар Диний идорага келиб бизларни табриклайди. Албатта Ислом дини бағрикенг дин” деди.

Биз бир мазҳаб вакилларимиз, дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларимиз ҳам ўхшаш, шунинг учун биз доим Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликка тайёр эканимизни билдирмоқчиман. Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларидан иборат делегацияни Хитой давлатига таклиф этаман ва кенг қамровли алоқаларни бошлаш ҳар томонлама манфаатли бўлишини билдираман. Сўзимнинг якунида бугунги самимий қабул учун барчангизга ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.

Томонлар бир-бирларига эсталик совғалар улашди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2902 times

Янгиликлар

Top