Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди Таҳфизул-Қуръон кафедрасининг барча талабаларига Қуръони карим туҳфа қилди

“Вақф” хайрия жамоат фонди 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан 6 сентябрь куни Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасининг барча устоз ва талабаларига юртимизда нашр этилган Қуръони каримдан тақдим этди.

“Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси” доирасида амалга оширилаётган ушбу хайрли тадбирда талабаларга Қуръони карим билан биргаликда ҳар бир гуруҳга бир донадан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб “Тафсири ҳилол” китоби ҳам берилди.

Вақф хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари бетоблиги туфайли китобларни кафедра мудири тарқатди.

Қайд этиш жоиз, Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган юртимиздаги ягона олий даргоҳ бўлиб, Жаҳонгир қори Неъматов кафедра мудири ҳисобланади.

Ушбу таълим маскани Қуръони каримни 2 ойда ёдлаб чиққан ва бир куннинг ўзида тўлиқ ёддан ўқиб берган йигитларни етиштириб чиқарган даргоҳдир.

“Вақф” хайрия жамоат фонди “Таҳфизул Қуръон ” кафедраси жамоасини янги ўқув йили билан муборакбод этади! Ушбу даргоҳдан дини, миллати, ватанини яхши кўрувчи қори йигитлар чиқишини Аллоҳ таолодан сўраб қолади!


VAQF.uzhttps://t.me/vaqfuz

ЎМИ Матбуот хизмати


Read 2733 times

Янгиликлар

Top