Ўзбекистон янгиликлари

Малайзиялик диний уламолардан иборат делегация Ўзбекистонга етиб келди

Ўзбекистон – 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидалар мавжуд дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан бири ҳисобланади. Юртимизнинг саноқли мамлакатларгагина хос бўлган яна бир жиҳати – бу ерда 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятларга эга мамлакатлардан биридир. Шу ҳақиқатни теран англаган ҳолда, қолаверса, мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида 2018 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Шунингдек, “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг чиқиши ҳам соҳада илғор ташаббусларни илгари суриш ва ижобий қадамлар ташлашга туртки бўлди.

Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюради. Улар, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечиришади. Ҳозирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўзаро ҳамкорликда зиёрат туризми соҳасида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида қатор самарали ишларни олиб боришмоқда. Хусусан, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан юртимиздаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, чартер рейсларни йўлга қўйиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ушбу ижобий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ жорий йилнинг 21 сентябрь куни Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин бошчилигидаги диний уламолардан иборат делегация аъзолари Ўзбекистонга етиб келишди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад – Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда малайзиялик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга ташрифларини йўлга қўйиш. Айни кунларда, мазкур мутасадди ташкилотлар томонидан Малайзия диний вакилларидан иборат делегациянинг юртимизга ташрифини ташкил этиш ишларига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Кези келганда шуни таъкидлаш керак-ки, мамлакатимизда зиёрат туризмни жадал ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятини янада тўлиқ ва самарали тарғиб қилиш ҳамда бу соҳада идоралараро амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу ҳамкорлик ташрифи, келажакда соҳанинг ривожига, албатта, ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади ва кўплаб малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга келишига замин яратади.

Ташрифга доир маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайт ва саҳифаларида ёритиб борилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 2970 times

Янгиликлар

Top