Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Ўтган йил кузда Туркияга ва жорий йил баҳорда Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифлари давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, улар якунида имзоланган муҳим ҳужжатлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Сиёсий мулоқот фаол ривожланмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ташкил этилгани Туркия ишбилармонларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40 фоиздан зиёдга ошди.

Маданий-гуманитар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисида дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум ва "Йўл харита"си қабул қилинган.

Суҳбатда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилди.

Бинали Йилдирим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2628 times

Янгиликлар

Top