Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда хорижда ишга ёллаш бўйича хусусий агентликлар ташкил этилади

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун маъқулланди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар берди.

Қонунга кўра фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича фаолият билан эндиликда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан бир қаторда хусусий бандлик агентликлари ҳам шуғулланиши мумкин.

Қонунда иш қидираётган шахсларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солувчи нормалар келтирилган.

Хусусан, хусусий бандлик агентликлари иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчиларга кадрлар танлаш бўйича, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатади.

Бунда чет элда иш билан таъминлаш бўйича фаолият Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Хусусий бандлик агентликлари хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди.

Мазкур маблағлар лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда қайтариб берилади.

Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач юридик кучга эга бўлади.

Read 2930 times

Янгиликлар

Top