Бугун, 18 октябрь куни Покистонлик муфтий Муҳаммад Ризвон бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Маъмур Толибов, ИЦМ ва ЎХИА масъул ходимлари меҳмонлар билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда Хомиджон Ишматбеков Диний идора фаолияти, диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, хайрли ислоҳотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани, хусусан, муҳтарам Президентимизнинг тарихий фармонлари эълон қилингани, унга кўра Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ташкил этилгани ҳақида гапириб берди.
Хомиджон Ишматбеков покистонлик сайёҳларнинг зиёрат туризми йўналишида Ўзбекистонга ташрифини кўпайтириш, Ўзбекистонда 7300 дан ортиқ қадимий обидалар мавжуд экани, 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритилгани, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ келишини сўзлади.
Покистонлик муфтий Муҳаммад Ризвон жавоб сўзида бир неча кун давомида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни зиёрат қилгани, Ислом оламининг улуғ алломаларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни зиёрат қилишганидан жуда ҳам бахтиёр эканларини сўзлаб берди. Бу заминда мутафаккирлар, муфассирлар, фақиҳлар ҳоки қўним топгани, мана шундай жойларни тез-тез зиёрат қилиб туриш фазилати ҳақида гапирди. Бу ерга дафн этилган азиз авлиёларни худди ўзларининг ота-боблоларидек иззат-икром қилишларини айтди.
Меҳмон Шайхул ҳадис Тоҳир Масуд эса, Ўзбекистон томонидан хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жуда катта ташаббуслар, амалий ишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлади.
Меҳмон муҳаддис Абдулҳалим Чишти эса, Ўзбекистонни зиёрат қилиш давомида жуда ҳам мамнун бўлганини, айниқса, зиёратлар жуда тинч-осойишталикда, мезбонларнинг самимий кутиб олишлари ва уларга кўрсатилган эътибордан жуда хурсанд эканларини билдирди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг ҳар бир ери обод ва кўркам эканига гувоҳ бўлганларини изҳор қилдилар ҳамда ҳар бир ҳудуднинг озода ва саранжомлигини алоҳида қайд этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон янгиликлари
Покистонлик меҳмонлар: Ўзбекистоннинг ҳар бир ери обод ва кўркам
- muslim.uz
- - октябрь. 18, 2018