Рамазон

Рамазондан ўргандик биз...

Рамазоннинг одатдагидан иссиқ кунларидан бири эди. Қизимни кўтариб, ўғлимни етаклаб боғчадан уйга қайтаётган эдим. Шу пайт, бир онахон ҳолсизланиб, дарахтни ушлаб базўр тик турганини узоқдан кўриб қолдим. Йўлдан ўтаётган одамлар кампирга қараб ўтишар лекин бирортаси ёрдам берай демасди. Ўғлимнинг беадоқ саволларига жавоб берар эканман қадамимни тезлатдим. Ўзим юраман деб хархаша қилаётган қизимни четроққа ерга қўйдимда, онахонни яқинроқдаги салқин ўриндиққа олиб бориб ўтиргиздим.

Бироз сояда ўтириб онахоннинг юзи ёришди, энди эътибор берибман, юзларида қандайдир нур бор экан. Қайта-қайта дуо қила туриб, “рўзадор оғиз билан сўраяпман, шу қизимни, болаларини омадини, бахтини бергин”, дегани эътиборимни тортди. Юзига фотиҳа тортгач ёшини сўрадим. Салкам 75 ёш (!). Ҳайратимни яширолмай, бу ёшда рўза тутмаслик учун рухсат борлигини, Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам “рўзани қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш” шарти билан қари чол ва кекса аёлларга узрли рухсат мавжудгини гапириб бердим. Онахон буларнинг барчасини билар, фидядан ҳам хабари бор экан. Болалар ўйинга, биз суҳбатга берилиб кетдик. Онахон болалиги ҳақида гапириб бердилар:

  • Мен Қува туманида (Фарғона вилояти) бувим қўлида катта бўлганман. Болалигимдан бувим раҳматли рўза тутишнинг қанақа яхши эканини сўзлаб берар эдилар, шу шу онгимга сингганми ё ростдан ҳам рўза менга доим, ҳар қандай ҳолатда яхши таъсир кўрсатадими билмайман, лекин Рамазон кирганда мени рўза тутишдан ҳеч нарса тўхтата олмайди. 15 ёшимдан шу кунгача рўзани қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Шу... рўза тутдимми тамом, фақат китоб ўқийман. Болаларим невараларим “китоб ўқиш кўнглингизга қандай сиғади...”, дейишади. Нима қилай кўникма экан...бугун ҳам кўп китоб ўқибманми, зериккандек бўлдим, кўчада, тоза ҳавода айланиб келай, дебман. Бунақа иссиқлигини билмаган эканман. Шунинг учун бироз лохас бўлдимда. Мана энди яхшиман...

Онахон Рамазоннинг бошқача файзи, рўзанинг ҳисобсиз фойдалари ҳақида яна узоқ гапирди. Ўғлим уйга кириб кетамиз деявергач, “бувинг ўргилсин болажоним, мана мен ҳам кириб кетаман”, дея ўрнидан туриб, дадил юра бошлади. Биз ҳам онахонга эргашдик. Хайрлашар эканмиз, ёши улуғ бу нур юзли инсоннинг матонату иродасига таҳсинлар айтгим келди.

Арзимаган сабаб билан рўза тутмаганлар, “иссиқда чанқаб, чидолмайман”, деб баҳона қилаётган одамлар олдида бу каби сабрли кексаларимизга шижоат ва қаноат ҳайкали қўйилса арзийди, менимча. Ушбу суҳбатдан сўнг рўза ва рамазоннинг оддий, ҳаммамиз кўриб ҳис қилиб турган фойдаларини бир-бир эслатиб ўтишни лозим топдим.

Тобора Рамазоннинг фазилатли кунлари камайиб бормоқда. Бироқ, унинг кўпгина фойдаларини кўпчилик ўз танасида, руҳиятида, борингки ҳаётида сезган бўлса керак.

Имон мустаҳкамланади

Рўза тутиш жараёнида киши озми кўпми қийинчиликларга кимгадир кўрсатиш учун, ёки хўжакўрсинга эмас, балки фақат Аллоҳ таоло учун бардош беради. Ибодатини виждонан адо этиш жараёнида бу хислатни бошқа амаллари учун ҳам жорий эта бошлайди. Одатий кундалик юмушларида ҳам қунт ва тоқатни ўзига ҳамроҳ билади. Натижада эътиқод янада мустаҳкамланади.

Сабр-бардош ортади

Юсуф хос Ҳожиб: “Агар меҳнат-машаққат ё қайғу-алам дуч келса, сабр билан қарши олсанг, кетидан қайта шодлик келади” деган экан. Рўзадор ана шу фикрга ишонади: қийинчиликлари, ташналик ва очликлари ортида мисли топилмас ифторлик борлигини ҳис қилади, Аллоҳнинг марҳамати, берилажак юксак мукофот, жаннатнинг “Райён” эшигидан киришни умид қилади. Сабр билан кутади. Тонг қоронғусидан то шомгача егиси келса емайди, ташналикдан томоғи қуриб кетса ҳам қултум сув ичмайди. Бардоши етади. Сезадики, бошқа кунлари чидай олмайман деб ўйлаган кўп қийинчиликларни бемалол, яна қалбда хотиржамлик билан енгиши мумкин экан. Демак, унинг сабри сайқалланди. Янгидан куч ва шижоатга эга бўлди. Шу боис бўлса керак, буюк олимлар, ислом уламолари юксак ишларни асосан Рамазон ойида ёки бу ойдан кейин бошлаганлар. Рамазондан ўрганилган бардош сабаб балки юксак асарлар, тарих зарварақларида қолган буюк ишлар амалга оширилгандир.

Нафс устидан ғалаба

Маҳмуд Замахшарий: “Ўз нафсингга асир бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан, акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан”, дейди. Рўзадор нафсининг ҳокимига айланади, энди ҳар доимгидек нафси нима деса, айтганини қилмайди, инжиқликларига эътибор бермайди. Демак, нафси устидан ғолибликка эришади. Бу нарса Рамазондан кейин ҳам асқотади, бўлар-бўлмас нарсаларни хоҳловчи нафс энди жиловланган, тартибга риоя қила бошлайди.

Руҳий хотиржамлик

Рамазон руҳиятнинг шифокори ҳамдир. Гинаю кудуратлардан, турли асаббузарликдан ҳоли бўлган қалб осойишталикка бурканади. Қолаверса, руҳий хотиржамлик вақтида инсон тафаккури тиниқлашади, маъсиятлардан покланиб борган онгнинг ҳам маърифат эгаллашга бўлган иштиёқи ортади. Атрофга теранроқ назар солади. Рамазонни тиниқ тафаккур, руҳий хотиржамлик билан кузатади.

Ёмон хулқдан халос бўлиш

Ахлоқни ўнгламоқ фурсатидир – Рамазон. Шарафли ойнинг ҳурмати боис воз кечилган иллатлару ўрнини эгаллаган фазилатлар ҳар бир мусулмоннинг улкан ютуғидир. Бинобарин, бежиз бу ой бизларга инъом этилмаган, бекорга муқаддас этиб белгиланмаган. Кишининг хулқини ўнглаб, ёмон иллатлардан йироқлашиб, қутлуғ айёмга кириб борса, бу унга йил давомида унга ҳамроҳ бўлади.

Шукрона ҳисси

Бир ой мобайнида оч ва ташна кишилар ҳолатини танасида синаб кўрган инсон юрак-юрагидан шукрлар айтишни ўрганади. Неъматларни қадрлашни, йўғида сабр қилиб, борида мамнунлигидан миннатдор бўлишни таълим олади. Дастурхони тўкинлиги, меваю сабзавотлар, дон дун сероблиги, диёрининг мусаффо иқлими, оби-ҳаётнинг қимматини илгари сезмаган бўлса, рўза сабаб ҳис қиладиган бўлади.

Бундан ташқари, замонавий тиббиёт рўзанинг беқиёс даволовчи таъсирга эга эканлигини исботлади,

Рамазон шарофати билан аразлашган кишилар ярашди, гиналар унут бўлди, кўпгина келишмовчиликлар бартараф этилди, муборак кунларда яқинлар, кексаю ногирон, бемору муҳтожлар ҳолидан хабар олинди, меҳр-муҳаббат ортди, мурувват туйғулари жўш урди, оқибат янада шаклланди.

Аслида ушбу санаб ўтганларимиз Рамазондан олажак яхшиликларимизнинг ҳаммаси эмас. Биз кўрмаган, бироқ ҳаётимизни тубдан ўзгартирган фазилатлари яна қанчадан-қанча. Асосийси, биз бу имкониятни юракдан ҳис қила билишимиздир. Ана шунда мустақил юртимизда эътиқод эркинлигининг таъминлангани, диндорлар учун яратилаётган бемисл шароитлар бежиз кетмайди, тинч-хотиржам кунлар учун заҳмат чекаётган фидоийлар меҳнати қадрланади.

Бу йилги Рамазонни ҳам кўзда ёш билан, бироқ, биз эришган бир олам фазилатлар билан кузатамиз. Аллоҳ таолодан чин қалбдан сўраймизки, янаги шу кунларга, муборак моҳи шарифга соғ-саломат, тинчлик-хотиржамликда етказсин. Юртимизда яхши инсонлар кўпаяверсин. Тинчлигимизга, ҳурлигу эркимизга кўзлар тегмасин!

Шарифа ҒАНИЕВА,

“Зиё” студияси бош муҳаррири

Read 85017 times

Янгиликлар

Top