Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожилар маҳаллада фаоллик кўрсатишмоқда

2017 йилнинг сентябрь ойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хастимом мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан учрашган эдилар.

Учрашув чоғида Ҳаж масаласига ҳам тўхталиб: “Ҳажга бориб келган ҳар бир фуқаро маънавият тарғиботчиси бўлиши керак. У Худодан қўрқиши, бандасидан уялиши керак. Адолат мезони биринчи галда унда бўлиши керак, қўшниси Ватанга муҳаббат, ишга муносабат, фарзанд тарбияси масаласида энди ундан ўрнак олиши керак”, деган фикрни билдирган эдилар.

Давлатимиз раҳбари таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинган эди. Ушбу фатвода Ҳаж зиёратини адо этиш, унга номзодларни саралаш тартиблари баён этилган эди.

Фатвода юртимиз ҳожиларини зиёратга боргунига ҳамда зиёратдан қайтгандан сўнг маҳалла равнақи, фарзандлар тарбиясида иштирок этишлари тавсия қилинган эди.

Ушбу ишлар ижроси юзасида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиб қайтган юртдошларимизнинг жамият ҳаётидаги фаолликларини таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва диний вазиятни соғломлаштиришда мутасаддиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Шаҳрисабз туманининг барча туман-шаҳарларида аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилиши режаси ишлаб чиқилган.

Режа асосида Шаҳрисабз шаҳридаги "Ғалаба" МФЙда ҳам ишчи гуруҳ ташкил этилиб, МФЙ раиси Г.Оққўзиева, ҳожилар ва маҳалла фаоллари иштирокида хонадонларда аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилмоқда.

Умра зиёратини адо этган ва эндиликда Ҳаж зиёратини адо этишни мақсад қилиб қўйган бир қатор фуқаролар маҳалла ободлиги, аҳолининг турмуш тарзи фаровонлиги йўлида бош-қош бўлмоқдалар.

Шундай хайрли ишлардан бири маҳалла фаоли Рустам Раҳматов ташаббуси билан амалга оширилди. Маҳалла аҳолиси яшаш шароитлари ўрганилганида Фирдавсий кўчасида жойлашган 105 та хонадонни табиий газ билан таъминланмагани, газ қувурларини таъмирталаб бўлиб қолгани маълум бўлган. Масалани ҳал этиш учун Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари А.Рустамов, тадбиркорлар Х.Сатторов, С.Содиқжон, Турсунмурод Хожимурод бобо ҳомийлигида 1 километрдан ортиқ ерости газ қувури лой ва сувдан тозаланган ҳамда тармоқда тамирлаш ишлари олиб борилган. Уч миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган ҳолда аҳоли учун зарур бўлган табиий газ етказилиши қайта тикланган.

Хулоса қилиб айтганда Президентимизнинг ташаббуслари билан йўлга қўйилган ҳожиларни саралаш ва уларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги тизим маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда, муаммоларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.

Г.Оққўзиева "Ғалаба" МФЙ раиси

Read 2389 times

Янгиликлар

Top