Ўзбекистон янгиликлари

“Энг маърифатли имом-2018” кўрик танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01/А092-сонли буйруғи асосида “Энг маърифатли имом-2018” кўрик танловининг Тошкент вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов вилоятнинг “Зангиота” жоме масжидида ўтказилди.

Танловга Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммад Аюб домла Ҳомидов, Тошкент вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳамда Юқоричирчиқ туман бош имом-хатиби Сирожиддин домла Оқилхоновлар ҳакамлик қилдилар.

Сўз бошида Муҳаммад Аюб домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раҳбариятининг саломини танлов иштирокчиларига етказиб, вилоятда бу йилги танловга ўзгача иштиёқ билан катта тайёргарлик кўрилганини эътироф этиб, танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.

Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ва танлов натижалари эълон қилинди. Улар қуйидагича:

I ўрин – МИРХАМИДОВ Обид Мирғофир ўғли (Қибрай тумани “Саъдулла Ота” жоме масжиди имом-хатиби);

II ўрин – НУСРАТУЛЛАЕВ Абдулбосит Нусратулла ўғли (Оҳангарон тумани “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби);

III ўрин – АБДУКАДИРОВ Ашурмат Камолитдинович (Тошкент тумани “Зуннурайн” жоме масжиди имом-хатиби).

Совриндорлар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Кўрик танловнинг мутлоқ ғолиби Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ушбу кўрик танлов билан биргаликда қуйидаги 8 та йўналишлар бўйича ҳам тақдирлашлар амалга оширилди:

Энг тарғиботчи имом-2018” – Зангиота тумани “Андалус” жоме масжиди имом-хатиби МИРЖАЛИЛОВ Мирвоҳид Мирсалимович;

Энг хушовоз муаззин-2018” – Оҳангарон шаҳар “Хонобод” жоме масжиди муаззини ТОШТАНОВ Обиджон Абдутўлқинович;

Энг таъсирли ижодий иш-2018” – Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби БАХРАМОВ Авазхўжа Рахимович;

Энг ишбилармон мутавалли-2018” – Пискент тумани “Пискент” жоме масжиди мутаваллиси ҚОСИМОВ Халил Маҳмудович;

Энг миришкор боғбон-2018” – Бекобод тумани “Очамайли” жоме масжиди боғбони БОБОЁРОВ Умирқул Йўлдошевич;

Энг намунали таҳоратхона-2018” – Зангиота тумани “Зангиота” ёдгорлик мажмуаси директори УРАЛОВ Мансур Анарбаевич ва Бўстонлиқ тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби АКБАРОВ Хасан Ўзбекхонович;

Энг замонавий қоровулхона-2018” – Бекобод шаҳар, “Оқ масжид” жоме масжиди мутаваллиси МУРЗАЕВ Абдуссалом Сапарович;

Энг бой кутубхона-2018” – Чирчиқ шаҳар “Марказий” жоме масжиди мутаваллиси СОЛИЕВ Бахтиёр Усмонович лойиқ деб топилиб, улар ҳам махсус диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шундан сўнг кўрик танлов жараёнидан келиб чиққан ҳолда имом-хатибларга лозим тавсия ва маслаҳатлар берилди. Шунингдек, бир неча йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиб келинаётган ушбу кўрик танлов имом-хатибларнинг ўз иқтидорларини янада юксалтиришларида, иқтидорли имом-хатибларимизни элга янада машҳур ва мунзур бўлишларида муҳим аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди.

Тадбир Қуръони Карим тиловати ҳамда Она ватанимизнинг тинчлиги ва равнақи, халқимизнинг фаровон турмуши, ёш авлоднинг илму тарбияси ва бахту камоли ҳаққига дуолар қилиш билан якунланди.

Манба: http://fitrat.uz

Read 2923 times

Янгиликлар

Top