Ўзбекистон янгиликлари

Аждодлар асос солган Ҳадис илми мактаби равнақ топади

Дунёда иқтидорсиз одам бўлмагани каби иқтидорсиз миллат ҳам йўқ. Фақат ўзида мавжуд иқтидорни юзага чиқариш учун кўп меҳнат қиладиган ва камроқ ҳаракат қиладиган одамлар ҳамда ўша одамлардан ташкил топган миллатлар бор. Кимнинг ёинки қайси миллатнинг нимага иқтидори борлигини билмоқчи бўлганлар кўҳна тарих зарварақларини саҳифалаб кўрса, ҳаммасини очиқ-ойдин кўради. 

Бизнинг миллатимиз тарих саҳифаларига ватанпарвар, жанговар, мард ва шижоатли миллат сифатида киргани ҳатто тарих фанининг “ота”си Геродотнинг “Тарих”, Страбоннинг “География” каби энг қадимий асарларда; аждодларимизнинг янада қадимийроқ бўлган “Ўғузнома”, Ўрхун-Энасой битиктошлари каби меросларида ўз ифодасини топган.

Ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркийларнинг ниҳоятда тезхотир ва илмга ташна халқ эканини таъкидлаб ўтган. Бу борада бобо-ю момоларимиз қўлга киритган ютуқларни санаб чиқишга уриниб ўтирмадик. Зеро, яна бир мутафаккир бобомиз Бобур Мирзо айтганидек, аён гапнинг байнига не ҳожат. Аммо мавзуга дахлдор бўлгани боис Имом Бухорий, Имом Термизийларнинг номини тилга олиб ўтсак, фикримиз тушунарлироқ бўлади, деган умиддамиз.

Юртимизга Ислом дини кириб келган паллаларда миллатимизнинг табиатида ана шу муборак динга мойиллик бўлгани ҳамда миллатимиз фарзандларининг Ислом динини ўрганишга, хусусан, ҳадис илмига катта иқтидори борлиги юқорида номи тилга олиниб ўтган зотлар сиймосида яққол кўзга ташланди.

Хабарингиз бор: ўлкан ўзгаришларга бой бўлаётган жорий йилимизнинг  16 апрелида муҳтарам Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш, динимиз ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини пухта ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шунинг баробарида, соҳага оид олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Қарорда Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланиши кўрсатилган. Мактаб битирувчиларига диний таълим соҳасидаги бакалавр даражаси  берилади.

Ҳадис илми мактабида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл моҳияти ўргатилиб, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ҳадислардаги эзгуликка бошловчи умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. 2018-19 ўқув йили учун қабул квотаси 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

Бу хабарни эшитиб, Ватанимиздаги ушбу мўътабар илмга қизиққан ёшларимизнинг севинчи ичига сиғмасдан тезроқ қабул кунлари бошланишини кута бошладилар.

Қарорда кўрсатилган муҳим вазифалардан бири – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш; мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриши белгилангани янада қувончли иш бўлди. Зотан, илм тажриба алмашиш орқали камол топади.

Ҳадис илми мактаби очилиши билан она Ватанимиздаги диний таълим соҳасидаги олий ўқув юртларининг сони яна биттага кўпайди. Илло, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз эртага малакали мутахассислар сифатида халқимизнинг диний илми янада бойишига, ёшларимиз онгини ёт мафкуралардан ҳимоя қилишга, уларда чинакам мафкуравий иммунитет шаклланишига, динимиз софлигини одамлар онгига сингдиришга хизмат қилади.

            ЎМИ Матбуот хизмати

 

 . 

 

Read 2656 times

Янгиликлар

Top