Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат элчи билан учрашди

6 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хориж сафарлари доирасида Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Ғаниев билан учрашди. Учрашув чоғида элчи Жаҳонгир Ғаниев элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам пойтахт Мадридда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуман мана шундай ҳамкорликларнинг амалий кўринишларидан бири экани, унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этгани, мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча ўнлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, ўзининг ижобий натижаларини беришини айтиб ўтдилар.
Эслатиб ўтамиз, элчи Жаҳонгир Ғаниев ушбу лавозимга 2018 йил 31 августда тайинланган. Бунга қадар у мазкур элчихона маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Испаниядаги муваққат ишлар вакили лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2400 times

Янгиликлар

Top