Ўзбекистон янгиликлари

Саҳоба Абдуллоҳ ибн Умму Мактум издошлари қувончи

Бугун, 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида илк бор кўзи ожизлар иштирокида Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Карлар жамияти бошқаруви, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотлардан меҳмонлар таклиф қилинди.
Ушбу байрам тадбирини ўтказишдан кўзланган олий мақсад, имконияти чекланганларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатини ошириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёлғиз эмасликлари, ҳукуматимиз томонидан доимо қўллаб-қувватлаш эканини билдиришдир.

Бундай инсонларга беминнат ёрдам бераётган мутасаддиларнинг навбатдаги тадбирни байрам қилиб, “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида ўтказилиши имконияти чекланганларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири бўлган, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ўзларини издош дея таъриф берган бу инсонларимизнинг байрам тадбиридаги саъй-ҳаракатларини кўриб, ҳақиқатан чексиз қувондик. Улар эса синиқ кўнгилларини шунчалик кўтариб, эътибор бераётган барча инсонлардан мамнунлигини ва ҳар бир учрашувни интизорлик билан кутишларини изҳор қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3023 times

Янгиликлар

Top