Ўзбекистон янгиликлари

“Шодиёна”да чинакам шодиёна бўлди

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан республикамизда илк маротаба “Никоҳ тўйлари” акцияси ўтказилди.
Дастлаб меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини никоҳ ва хатна тўйларини ўтказиб бериш бўйича "Никоҳ тўйлари" номли акция эълон қилинди.
“Никоҳ тўйлари” акциясини ўтказиш юзасидан Наманган шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда никоҳ ва хатна тўйи ўтказиладиган фуқаролар рўйхати тузилди.
Тўйнинг янада файзли бўлиши, ёшларга эзгу тилаклар тиласин дея “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда меҳнат фахрийлари – нуронийлар, ҳожи оталар, ҳожи оналар тўйга таклиф этилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди ўтказаётган ҳар бир акцияни тарғиб қилиш учун мавзуга мос ояти карималар ва ибратли сўзлар ёзилган баннерлар тайёрлаб, тўйхонага жойлаштирилди. Юқоридагиларни ифода этувчи буклетлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига тарқатилди. Тантаналар мажмуаси атрофи ва бино ичи байрамона безатилди.
Наманган вилоят Маданият бошқармаси ва санъат коллежидан миллий либос кийган ўқувчи қизлар ва санъаткорлар таклиф қилинди.
Тайёргарлик ишлари ниғоясига етганидан сўнг 2 жуфт келин-куёвнинг никоҳи ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг 12 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ўтказилди.
Хайрли тадбирда келин-куёвларга ва тўйболаларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Наманган шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси турмуш қурган бахтиёр ёшларнинг никоҳини қайд этиб, бахтли оила вакилларини қутлади.
Тўкин дастурхон атрофида никоҳ ва суннат тўйлари байрамона руҳда нишонланди. Истеъдодли ҳофиз ва хонандалар ижросида дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Нуфузли минбарларда эътироф этилган бахтли мамлакатнинг бахтиёр инсонлари Ўзбекистондаги фаровон ҳаёт учун шукроналар айтиб, авваламбор муҳтарам Президентимизга, ушбу хайрли ишга улкан ҳисса қўшаётган саховатпеша инсонларга миннатдорлик изҳор қилдилар.
Тадбирга ҳудудлардан ташриф буюрган нуронийлар ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйларини завқу шавқ билан эътироф этдилар. Норинлик нуроний Тўламирза Раҳмоншаев: “Авваллари бундай хайрия тўйлари байрамларга хос ўтказилар эди. Мен бугун “Вақф” фонди ноанъанавий тарзда ўтказаётган тўйни кўриб сурурга тўлиб кетдим”, дедилар.
Норин туманидан ташриф буюрган кўп йиллар ёшларга таълим-тарбия бериб келган ўқитувчи-устоз Муҳаммадхон Бадриддинов ҳам “Хатна тўйи бўлаётган жажжи болажонларнинг ўйин-кулгиси, айниқса, берилган совғаларга қувониб, тўйхонани ҳатто, ўйингоҳ қилиб ўйнашлари менга ўзгача таъсир қилди” деди.
Никоҳ тўйи бўлаётган Аъзамжон Отабаев кўрсатилган эҳтиром учун муҳтарам Юртбошимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.
Иккинчи куёв – Нозимжон Тўхтабоев: “Бугунги тантана бизнинг оиламиз қалбида ўчмас нур бўлади”, деб муҳтарам Президентимизга ва тадбир ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Набирасининг хатна тўйига ташриф буюрган онахон тўйларни бунчалик улуғвор руҳда ўтади деб тасаввур қилмагани, тўйдаги болажонларнинг бахт-саодатига қилинган тилаклар кўнглини сурурга тўлдирганини айтиб ўтди. Айниқса, сухандон болажонларнинг ҳар бирига ўзининг исмига мос шеърлар ўқиганида кўзларида севинч ёшлари балқиди.


“Вақф” фонди матбуот хизмати

Read 2897 times

Янгиликлар

Top