Ўзбекистон янгиликлари

Ҳажга навбатда турган ўзбекистонлик қамоқдан чиққан йигитнинг ўқишига 22 миллион ажратди

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарининг кечиримлилик сиёсати натижаси ўлароқ турли диний экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган ва ҳозирда ўз айбини тушуниб етган ҳолда Президентимиз авфи билан оиласи бағрига қайтарилган фуқароларни ижтимоий мослашуви масаласи муҳим омилга айланди. Уларни жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда барча мутасаддилар ўз кўмагини кўрсатмоқда. Бироқ бир неча йилдан буён Ҳаж зиёратини адо этиш учун навбатда турган фуқароларнинг кўмакка мухтож кишилар тақдирига қараб турмай ёрдам беришлари таҳсинга сазовор. Шундай кўмак 7 йил озодликдан маҳрум этилган Шерзодбекка кўрсатилди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги ўқишидан ажралган, бир касбнинг бошини ҳам тута олмаган талаба, адашиб диний оқимларга қўшилиб қолган. Ўзбекистоннинг нуфузли университетида таҳсил олган ва кейинчалик озодликдан маҳрум этилган Шерзодбек Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўлими тавсияси ва ёрдами билан ўқиши тикланди.

ЎзА нашрининг маълум қилишича, унинг 22 миллион сўм миқдоридаги шартнома пулини Ҳаж сафарига бир неча йиллардан буён навбат кутаётган кекса ёшли фуқароларимиздан бири тўлаб берди. Натижада Шерзод ўз севган йўналишида ўқишини тиклашга эришди. Унда эртанги кунига умид пайдо бўлди. У ҳозирда таҳсилни давом эттириб, келажак учун режалар тузмоқда.

Бундан ташқари, Даврон ака ҳам салкам 19 йил панжара ортида ўтириб, озодликка чиқди. Қамалган вақтида эндигина атак-чечак қилиб юра бошлаган фарзандлари бугун оила қурай демоқда. Ўғилни уйлаш, қизни узатиш керак. Аммо, Даврон аканинг ҳам на ҳунари ва пули бор. Устига устак озодликдан маҳрум бўлган даврида соғлиғи бўйича ҳам муаммолар орттирган эди. Аммо юртимизда яхши одамлар кўп экан Ҳаж зиёрати орзусида бўлган ёши улуғ фуқароларимиздан бири ёрдам унга қўлини чўзди. Даврон касалхонада ётиб даволанди, ҳайдовчилик курсларида ўқиди. Эндиликда кўзида жарроҳлик операцияларини ўтказилиши кутилмоқда.

Жазо муддатларини ўтаб қайтган биргина фуқарони ҳам ҳунарли, ишли бўлиши, соғлиғини тикланиши жамиятимиз учун катта фойда. Айниқса, адашиб бизга бегона бўлган ғоялар таьсирига тушиб қолган фуқароларни яна жамиятга қайтишга ёрдам бериш уларни четлатиб қўймаслик жуда муҳим. Президентимиз айнан шундай манфур ғоялар таъсирида жамиятимиздан узоқлашган кимсаларни орамизга қайтариб, уларга тўғри йўлни кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам кўрсатган фуқароларимиз биринчилардан бўлиб, Ҳаж зиёратига боришга лойиқ эканлигини таъкидлаган эдилар.

Бугун бу усул самара бермоқда. Ҳаж зиёрати орзусида навбат кутаётган фуқароларимиз кўпгина ноиложликда қолган ҳамюртларимизга ёрдам қилмоқда. Жамиятда на иши, на ҳунари ва на пули бўлган норози фуқароларнинг кўпайиши яна жиддийроқ муаммоларни келтириб чиқариши аниқ. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар мажмуаси томонидан олиб борилаётган ишлар эса росмана ижобий натижа бермоқда. Ёрдам қилганлар ҳам, ундан фойда кўрганлар ҳам миннатдор.

Имкон бўлса узоқ муддат қамоқ жазосини ўтаб қайтган фуқароларнинг ҳар бирига шундай ёрдам кўрсатилиши ва уларнинг ўз ҳаёт йўлини тиклашга кўмак бўлиш керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2432 times

Янгиликлар

Top