Ўзбекистон янгиликлари

Пойтахтда яна бир жоме қайта қурилди

Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари қайта чирой очмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжиди кишилар учун жуда ҳам қулай шаклда қайта бунёд этилди. 2016 йил август ойида қурилиш ишлари бошланган эди. Масжид икки йилу тўрт ой деган-да ҳашар йўли билан битказилди. Масжид маҳобатли мовий гумбаз, кенг хонақоҳлар, сўлим ҳовлига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида 2300 нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.
Бугун, 6 декабрь куни “Олтинтепа” масжиди қайта қурилиши муносабати билан очилиш маросими ўтказилди. Унда уламолар, имом-домлалар, намозхонлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта ўзгаришлар ва амалий ишлар бўлаётганини таъкидлаб, мана шундай гўзал жоме масжидлар халқимизга туҳфа этилаётганидан мўмин-мусулмонлар чексиз мамнун эканларини изҳор қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мана шундай бунёдкорлик ишлари жорий йилда биргина Тошкент шаҳрида 9 та жомеда амалга оширилгани, 12 та масжид капитал таъмирлангани, айримларида қурилиш ишлари давом этаётганини билдирдилар. Айниқса, пойтахтимиздаги “Сузук ота” ва “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф” мажмуаларида бунёдкорлик ишлари изчил давом этаётганини алоҳида қайд этдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан юртимизда бўлаётган ўзгаришларни аввалги даврларга нисбатан қиёслаш кераклиги, 90-йилларда масжидлардаги шароитлар жуда ҳам оғир бўлгани, иссиқ сув у ёқда турсин, хонақоҳни иситишга ҳам имкон етмаслигини гапририб, мана шундай ўзгаришларга доимо шукр қилиш, ёш авлодга етказиш зарурлигини таъкидлади.
“Олтинтепа” жоме масжиди имом-хатиби Исломиддин домла Зуҳриддинов улуғ устозлар ва уламолардан мана шундай жоме масжидни барпо этишда меҳнат қилган уста-ю муҳандислар, саховатпеша инсонлар ва шундай савобли ишга бош қўшган барча-барчанинг ҳаққига дуо қилишни илтимос қилди, хайрли дуолар қилинди.
Ҳақ таоло ушбу муҳташам жомени мўмин-мусулмонларга муборак қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Read 2706 times

Янгиликлар

Top