Ўзбекистон янгиликлари

“Ислом тафаккури” номли янги диний-маърифий журнал нашрдан чиқди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан “Ислом тафаккури” номли янги журнал нашр этилди. Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом тафаккури” журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент Ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ва матбуот ходимлари иштирок этди.
Диний-маърифий, илмий-оммабоп журнал сифатида илк сони тақдим этилган ушбу нашр Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси муассислигида нашр этилди.
“Ислом тафаккури” журнали Ислом динининг асл моҳиятини англатиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, уламолар ва илоҳиётчи олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларни ёритиш йўлидаги яна бир янги нашрдир.
Журналнинг илк сонида чоп этилган материаллар, қутлов сўзлари, замонамизнинг забардаст олимлари, дин уламолари томонидан ёзилган теран мақолалар, илмий тадқиқотлардан намуналар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
“Ислом тафаккури” журнали диний-маърифий, илмий-оммабоп нашр ҳисобланиб, йил мобайнида тўрт марта ўзбек, рус, инглиз ва араб тилида, А 4 форматда, 96 бет ҳажмда, тўлиқ рангли шаклда чоп этилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3045 times

Янгиликлар

Top