Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарёда Туркия агентлиги иккита тарихий обидани таъмирлайди

Қашқадарё вилоятида 2019 йилда Туркия давлатининг ТИКА агентлиги кўмагида Китоб туманидаги Хўжа Илм Кон ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилади, Бу ҳақда вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Халиловга таяниб Turon24 нашри хабар берди.

Вилоятда 2019 йили 7 та йирик тарихий обида ва зиёратгоҳ реставрация қилиниши, унга туташ ҳудудлар ободонлаштирилиши режаланган.

“Қашқадарё вилоятидаги тарихий-маданий обидаларни реставрация қилиш ва ҳудудларни ободонлаштириш дастурига кўра Қарши туманидаги Имом Абу Муъин ан-Насафий мажмуаси ва Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар мажмуасини реставрация қилиш ишлари жорий йилда бошланган бўлиб, 2019 йилда якунланиши кўзда тутилган", дейди инспекция бошлиғи Жаҳонгир Халилов.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 1 321 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Мавжуд зиёратгоҳларни ободонлаштириш натижасида 2018 йилда сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ортган.

2018 йили вилоятга 110 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2017 йилда 17,1 минг кишини ташкил қилган эди. Жорий йилда 1 млн нафар ўзбекистонлик Қашқадарёга келиб-кетган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2513 times

Янгиликлар

Top