Ўзбекистон янгиликлари

Қонун устувор, адолат барқарор бўлса, жиноятчиликка ўрин қолмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугунги глобаллашув даврида янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, мақсадлари ўзгариб бормоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда бу масалалар бўйича 100 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, ички ишлар тузилмалари ислоҳ этилди. “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилди ва 24 соатлик патрул хизмати йўлга қўйилди. Буларнинг самарасида ўтган йили жиноятчиликни 33 фоизга камайтиришга эришилди.

– Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2417 times

Янгиликлар

Top