Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарёдаги “Шоҳ Машраб” марказий масжиди қайта қуриб битказилди

Қумқўрғон тумани марказий масжиди 2017 йилдан буён қайта қурилаяётган эди, «Шоҳ Машраб» жомеъ масжиди жамоасининг маълум қилишича, масжиднинг янги биноси халқ хашари билан буткул қайта қурилган.

Эслатиб ўтамиз, масжидни тиклаш ишлари 2017 йилнинг бошида бошланиб 23 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб 8000 квадрат метрни ташкил қилади.

Энди масжидда 2500 киши  намоз амалларини адо этиши мумкин.

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 28 метрни ташкил этувчи гумбаз, 43 метрлик катта минорадан иборат. Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар.

Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган. Янги қурилган мажмуада таҳорат хона ҳам барпо этилди.

Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.
        «Шоҳ Машраб» масжиди бундан кейин ҳам Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват, раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим маънавий-диний маскан бўлиб қолишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилоят вакили Алиакбархон Сайфидинов  эл юрт равнақи учун дуо хайрлар қилди, Саййид Раҳматуллоҳ Термизий “Мўмин мўминга озор бермайди” мавзусида маруза қилди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2570 times

Янгиликлар

Top