Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат билан самимий мулоқотлар

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч тумани касб-ҳунар коллежида мазкур ҳудудда яшовчи нуронийлар, имом-хатиблар, зиёлилар, фуқаролар ва талаба-ёшлар билан самимий мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган хайрли ислоҳотлар, улкан ўзгаришлар ва янгиланишларни айтиб, аҳолининг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича қилинаётган катта-катта ишлар ҳақида батафсил сўз юритдилар.
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига сафарлари чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда ижтимоий-маънавий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар ҳозирлаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асраш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида алоҳида таъкидланди.
Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Жумладан, инсон турмуш қийинчиликларига учраган пайтда қандай йўл тутиш, руҳий тушкинликдан чиқиш чоралари ва соғлом ҳаёт кечиришга оид саволарга муфтий ҳазратлари батафсил жавоб бердилар.
Ишчи гуруҳлар таркибидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва масъул ходимлар Исломиддин Зуҳриддинов, Собир Арзиқулов ва Музаффар Камолов кенг аҳоли қатламлари билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш ишларини давом эттирмоқдалар.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2197 times

Янгиликлар

Top