Ўзбекистон янгиликлари

Сиз бизга кераксиз!

Ўтган куни Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин” жоме масжидида эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Тадбирда имом-хатиблар, отинойилар ва имконияти чекланган кишиларнинг 120 нафари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти вакили Меҳмон Жабборов ва Диний идора масъул ходими Мунира Абубакирова эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар борасида юртимизда олиб борилаётган кенг кщламли ислоҳотлар ва хайрия тадбирлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрида эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар орасида миссионерлар таъсирига тушиб қолиш, ўз динларидан воз кечиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, ёшлар орасида миссионерлар томонидан турли адабиёт ва рисолалар тарқатиш ҳолатларига гувоҳ бўлинган.
Дунё миқёсида ғоявий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик фаолият хатти-ҳаракатларини ўз ўрнида англаш, доимо огоҳ бўлиш ва мазкур ҳаракатни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини англаш лозим.
Шу сабабли, ушбу ҳудуддаги диний муҳитни соғломлаштириш мақсадида, имконияти чекланган шахслар учун диний-маърифий суҳбатлар ва сурдо таржималари олиб борилди. Сўзга чиққан нотиқлар асосий мақсад имконияти чекланган кишиларнинг динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам бериш эканини таъкидладилар. Шундай тадбирлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тушкунликдан асраш ва жамиятда фуқаролар тенглигини таъминлаш ҳам кўзда тутилгани алоҳида қайд этилди.
Якунда эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар ўқилган маърузалардан Ислом дини ҳақида зарур маълумотлар олганлари ва миссионерларнинг кирдикорларини яққол тушуниб етганларини маълум қилишди. Бундай тадбирлар давомий бўлишини исташди.
Тадбир сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан меҳр-мурувват ҳадялари тарқатилди. Жиззах шаҳридаги кўр, соқов, гунг, жисмонан ногиронлиги бўлган кишиларнинг хонадонларига бориб совғалар улашилди.
Ушбу тадбирларнинг муҳим жиҳати шундаки, юзлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,
ЎМИ мутахассиси

Read 2883 times

Янгиликлар

Top