Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора мутахассислари Мисрга етиб борди

Тараққиётимизнинг янги даврида кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги замонавий талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий ҳужжатдир.

Халқимизнинг жуда бой маданий мероси бўлган нодир қўлёзмалар, қадимги босма китоблар сони бугунги кунда 100 минг нусхадан зиёддир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган нодир қўлёзмалар ва босма китоблар ҳам оз эмас.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмаларимиздан бири – “Усмон Мусҳафи” Қуръони каримнинг қадимий ва табаррук нусхаси. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб улуғ аллома ва мутафаккирларнинг қўлёзмалари сақланмоқда.

Бу борада жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган Миср ва Туркия давлатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Миср давлатига хизмат сафарларини бошладилар. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ходимлари Муҳаммад Аюб домла ва Камолиддин устозни Қоҳира аэропортида кутиб олишди ва сафарга алоқадор барча ишларда амалий ёрдам беришмоқда. 

Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, минглаб китоблар таълиф этишган.

Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди.

Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2603 times

Янгиликлар

Top