Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари сурдо тилини ўрганмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Ногирон шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияси" 30-моддасида “Ногиронлар уларнинг алоҳида маданияти ва тил жиҳатдан ўзига хослигидан келиб чиқиб, бошқалар қатори тан олиниши ва қўллаб- қувватланиш ҳуқуқига эга”, деб ёзиб қўйилган.

Сурдо дунё тиллари бўйича испан тилидан кейинги ўринда туради. Зеландияда сурдо тилига давлат мақоми берилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Республикамизда эшитиш ва сўзлаш қобилияти чекланганлар билан кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Бу инсонлар узоқ вақт жамиятдан узилгани, миллий қадриятларимиз, динимиз ҳақида тушунчага эга бўлмаганликлари сабаб уларнинг руҳиятида бўшлиқ пайдо бўлган. Жамиятимиздаги ҳар бир соғлом инсон ана шу бўшлиқни эътибор, меҳр ва мурувват билан тўлдириши мақсадга мувофиқдир.

2018 йил 30 январдан Тошкент шаҳар имконияти чекланганлар билан диний-маърифий суҳбатлар ташкил этилган бўлиб, бу суҳбатларнинг дастлабки тингловчилари 8 нафар инсон қатнашган. Кейинчалик 40 та ва ҳозирги келиб 400 дан ортиқ эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан ислом дини, миллий қадриятлар, ижтимоий масалалар борасида маърузалар ташкил қилинган.

Янги инновацион лойиҳа сифатида эшитиш ва гапириш имкони чекланганлар билан бевосита иш олиб бораётган фидойилар, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили, Тошкент шаҳар отинойилари сурдо, яъни имо-ишорали тилни ўрганишни бошлашди.

Тадбирлар режасига мувофиқ олиб борилаётган маърузани бошлашдан олдин ҳар бир ташкилотчи эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларга сурдо, яъни имо-ишорадан имтиҳон топширади.

Ногиронлиги бўлган тингловчиларимизга уларнинг ўзларининг тилида муомала қилиш, уларга бўлган эътиборнинг бир кўриниши холос. Ҳар бир учрашувда улардан янги муомала имо-ишораларни ўрганиш уларнинг кемтик қалбига йўл топишнинг энг осон йўлидир.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2531 times

Янгиликлар

Top