Ўзбекистон янгиликлари

Кувайт билан алоқалар ривожланмоқда

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кувайт университети ижтимоий фанлар коллежининг сиёсатшунослик фанлари профессори Ҳайла Ал-Мекайми билан учрашув бўлиб ўтди.
Ҳайла Ал-Мекаймига марказ ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу марказнинг асосий мақсадлари минтақадан келиб чиққан ва жаҳон илм-фанига ўз кашфиётлари ва асарлари билан улкан ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирлар қолдирган меросни сақлаш, ўрганиш, ушбу бебаҳо мерос воситасида ўсиб келаётган ёш авлодни она-Ватанига юксак фахр ва аждодларига эҳтиром туйғуларида тарбиялаш, Ислом динининг асл моҳияти тинчликсеварлик, инсонийлик ва яратувчанлик дини эканини намойиш қилишдан иборатлиги таъкидланди.
Ҳайла Ал-Мекайми Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва олимлар нафақат ислом цивилизацияси балки жаҳон цивилизациясида ўчмас из қолдирганини эътироф этди. У Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда сўнгги йилларда амалга ошираётган ислоҳотлари, шу жумладан, диний соҳадаги ислоҳотларини катта қизиқиш билан кузатаётганини ва ушбу мавзуда рисола ёзаётганини, унда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига махсус боб ажратилганини маълум қилди. Олима мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти юқори эканини таъкидлади. Келажакда у Кувайтдаги миллий кутубхона ва қатор хусусий жамғармалар билан умумий маънавий мерос бўлган қўлёзмаларни йиғиш, ўрганиш ва тарғиб қилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Қувайт кутубхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилишида ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати

Read 2353 times

Янгиликлар

Top