Ўзбекистон янгиликлари

2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти сифатида эътироф этилади

Хабар берганимиздек, Бухорода ўтказилаётган биринчи халқаро зиёрат туризм форуми доирасида Ўзбекистонни зиёрат туризм марказларидан бири сифатида эътироф этиш бўйича Бухоро декларацияси тузилди.

Мазкур декларациядан кўзланган мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Оққулов қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Зиёрат туризми бўйича Бухоро декларациясини Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маъқуллагач, биз қабул қилдик. Форумда иштирок этаётган давлатларнинг ўндан ортиғи мазкур ҳужжатни имзолади.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг, хусусан Бухоро шаҳрининг зиёрат туризми бўйича салоҳиятини яна бир бор эътироф этиш, АЙСЕСКО - Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти томонидан 2020 йилда Бухорони ислом маданияти пойтахти сифатида эълон қилинганини яна бир бор тасдиқлайди.

Форум доирасида Малайзия, Индонезия, Сингапур, Саудия Арабистони, Жанубий Африка, Туркманистон ва Қозоғистон билан меморандум тузилгани Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада намоён этишда қўл келади. Иккинчи томон сифатида пиар марказимиз иштирок этди.

Меморандум имзолаган давлатлар мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ўз мамлакатларида тарғиб қилади. Бу борада биз уларга керакли маълумотлар, фото, видеоларни тақдим этган ҳолда стенд ва роликлар билан яқиндан кўмаклашамиз.

Форум давомида иштирок этган давлатлар сони борган сари кўпайди. Аслида биз расман 23 та давлатдан вакил таклиф этган эдик. Кейин Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ишлаётган ва ишламоқчи бўлган инвесторлар форум ҳақида эшитиб, бевосита ҳокимлик орқали тадбирда иштирокчи сифатида қўшилди. Форум иштирокчиларини икки тоифали дейиш мумкин.

Биринчиси, дунё ислом оламидаги машҳур шахслар ва диншунос олимлар бўлса, иккинчиси жаҳон туризм саноати етакчиларидир.

Шунингдек, форумда 14 та хорижий ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг янги форматдаги тадбирини ёритишда иштирок этмоқда. Халқаро миқёсда ўтказилаётган тадбир нафақат миллий ОАВда, балки нуфузли хорижий ОАВ вакиллари томонидан дунё оммасига тақдим этилди.

Форум иштирокчилари айни вақтда Самарқанддаги қадамжоларни зиёрат қилишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3329 times

Янгиликлар

Top