Ўзбекистон янгиликлари

Шаҳобиддин Маржоний татар ва ўзбек халқини бирлаштиради

21 февраль куни Бухородаги давра суҳбати татар халқи тарихи асосчиси, файласуф, илоҳиётчи ва маърифатпарвар олим Шаҳобиддин Маржонийга бағишланди. Тадбирда Татаристон бош вазири ўринбосари, Татарлар бутундунё конгресси Миллий Кенгаши раиси Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокими Карим Камоловлар иштирок этишди.
tatar-congress.org хабарига кўра, Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказ мудири Илҳом Гумеров Ш.Маржонийнинг илмий ишлари ва мактублари, шунингдек ҳозирги кунгача сақланиб қолган кутубхонасидаги китоблари ҳақида сўзлаб берди.

«Бухоро мероси» илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Роберт Альмеев Ш.Маржонийнинг Ўзбекистон билан боғлиқ ҳаётига тўхталди. У 1845-1849 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Самарқанддаги Шердор мадрасасида ҳам таълим олиб, илму ижод билан шуғулланган, бир қатор илмий ишларини ёзган.

Роберт Альмеев Ш.Маржонийни татар тарихининг отаси деб атади.
Галимжон Иброҳимов номли тил, адабиёт ва маданият институти марказининг етакчи ходими Озод Охуновнинг айтишича, Маржоний 30дан ортиқ диний ва илмий асарларнинг муаллифи ҳисобланади.
“Ш.Маржоний — татар тарихини ўрганишнинг асосчисига айланди. Унинг асарларининг 99% араб тилида битилган ва ҳамон охиригача ўрганилмаган. Биз бунинг устида ишламоқдамиз. Бу фактлар ўзбек халқи учун ҳам қизиқиш уйғотиш мумкин. Унинг мероси жуда катта аҳамиятга эга”, - дейди Озод Охунов.

Бухоро давлат университети манбашунослик кафедраси мудири Бобур Номозов Маржоний ғоялари Марказий Осиё маърифатпарварларига таъсири ҳақида гапириб берди.

Татаристон муфтийси биринчи ўринбосари Рустем ҳазрат Валиуллин Маржонийнинг кўпқиррали олим эканлиги, у билан боғлиқ жойларни ҳар йили зиёрат қилиш лозимлигини таъкидлади.
Василь Шайхразиев фикрига кўра, Ш.Маржоний татар ва ўзбек халқини бирлаштиради.

“У бизнинг тарихимиз, бизнинг фахримиз. Унинг мисолида биз келгуси авлодларни тарбиялашимиз керак. Бу из мунтазамлик касб этиши лозим. Биз Маржоний номини улуғлашимиз, унинг асарларини бошқаларга етказишимиз керак. Бу бизнинг вазифамиз”, - деди Василь Шайхразиев ва Бухоро ҳокимияти вакилларига ушбу давра суҳбатини ташкиллаштиришдаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Read 2223 times

Янгиликлар

Top