Ўзбекистон янгиликлари

Президент янги қиёфа касб этган "Чашма" тарихий мажмуасига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йили Навоий вилоятига ташрифи чоғида Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳи атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, сайёҳлар учун замонавий меҳмонхона қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йили бу ишлар тўла амалга оширилиб, зиёратгоҳ ҳудуди ўзгача чирой очди. Эллик ўринли «Нурота» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Манзарали бута ва дарахтлар экилиб, фаввора бунёд этилди. Зиёратчилар ҳордиқ чиқариши учун сўри ва ўриндиқлар ўрнатилди. Музей биноси, Ҳунармандчилик марказини барпо этиш давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари тарихий қадамжони зиёрат қилиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Ушбу ташрифда Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳамроҳлик қилди. Қуръон тиловати ҳамда дуои-хайрлар қилинган.

«Чилустун» ва «Панжвақта» масжидлари, Абул Ҳасан Нурий мақбарасини реконструкция қилиш режалаштирилган. Шу борадаги лойиҳа таклифлари билан танишар экан, Президентимиз зиёратчи ва чет эллик сайёҳлар учун қулайликларни ошириш, талаб юқорилигини инобатга олиб яна саксон ўринли меҳмонхона қуриш, сайёҳларга хизмат турларини кўпайтириб, аҳолини қўшимча даромад билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Қудуқлар барпо этиш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш орқали Нурота туманидаги лалми ерлардан самарали фойдаланиш, дуккакли экинлар етиштириш ва чорвачиликни кенгайтириш, паррандачилик-ғаллачилик кластери ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ушбу барча чора-тадбирларни қамраб олган, Нурота туманини комплекс ривожлантириш бўйича ҳукумат қарорини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари - нуронийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар билан суҳбатда шу каби режалар, мамлакат ва Навоий вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Президент Нурота туманида ҳам тўпланиб қолган масалалар босқичма-босқич ҳал этилаётгани, ушбу ташриф чоғида яна улкан режалар белгиланишини қайд этди.

- Одамлар бизга ишоняпти, эртанги кунга умид билан қараяпти. Бу ишончни ҳар бир раҳбар юрагидан ўтказиб, янгича дунёқараш билан ишлаши, халққа хизмат қилиши керак. Энг катта масала - иш жойлари. Ҳамма ҳаракатларимиз аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган, - деди давлат раҳбари.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2342 times

Янгиликлар

Top